Тоттенхемга рад жавоби: Брайтон ҳимоячиси учун 50 миллион фунт сўрамоқда

Лондоннинг Тоттенхем клуби ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсадларидан бири бўлган Жан Паул ван Ҳекке борасида рад жавобини олди. Брайтон жамоаси нидерландиялик ҳимоячи учун юборилган иккинчи расмий таклифни ҳам рад этди. Шимолий лондонликлар ўтган мавсумда муаммоларга дуч келган ҳимоя чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда, бироқ "чиғаноқлар" музокараларда қатъий позицияни эгаллаб турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Брайтон ижрочи директори Паул Барбер Тоттенхем томонидан бўлган қизиқиш ва рад этилган таклифларни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, клуб ўзининг энг яхши футболчиларини арзон нархга қўйиб юбормоқчи эмас. 25 ёшли Жан Паул ван Ҳекке Англия Премер-лигаси доирасида ўзини кўрсата олган ва жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган.
Гарчи футболчининг амалдаги шартномаси якунланишига бир йил қолган бўлса-да, Брайтон уни 50 миллион фунт стерлингдан камига сотмоқчи эмас. Паул Барбер талкСПОРТ нашрига берган интервюсида: "Биз Тоттенхемнинг сўнгги ҳафтадаги иккита таклифини рад этдик. Бизнинг мақсадимиз — Фабиан Ҳурзелер ихтиёрида кучли таркибни сақлаб қолиш ва Европа майдонларида муносиб иштирок этиш", — дея таъкидлади.
Жан Паул ван Ҳекке 2020-йилда НАК Бреда клубидан атиги 2 миллион фунт эвазига сотиб олинган эди. Ҳозирда унга нафақат Тоттенхем, балки Ливерпул ва Нюкасл каби клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Брайтон раҳбарияти эса ёш иқтидорлар ва тажрибали ўйинчилар балансини сақлаб қолган ҳолда, турнир жадвалида юқори ўринлар учун курашишни режалаштирган.





























Изоҳлар 0
…