date
views 393

Жасурбек Яхшибоев яна жамоасиз қолди: энди қаерга йўл олади?

Жасурбек Яхшибоев яна жамоасиз қолди: энди қаерга йўл олади?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига номзод сифатида кўрилаётган ҳужумчи Жасурбек Яхшибоев яна бир бор ўз фаолиятидаги барқарорликни йўқотиб, янги жамоа излашга мажбур бўлди.

27 ёшли футболчимиз ўтган мавсумни Қозоғистоннинг «Ордабаси» клубида якунлагач, бир неча ой давомида янги жамоа тополмай ишсиз қолган эди. Унинг келажаги билан боғлиқ турли тахминлар айтила бошлади ва охир-оқибат Яхшибоевнинг йўли Эрон чемпионатига олиб борди.

Бу мамлакатда у тўртинчи ўзбекистонлик легионерга айланди. Бундан аввал Остон Ўрунов «Персеполис», Жалолиддин Машарипов «Истиқлол», Ўткир Юсупов эса «Фулад» клубларида ўйнаб келмоқда. Аммо Яхшибоевнинг танлови Эрон чемпионати аутсайдерларидан бири – «Нассаджи Мазандаран» клубига тўғри келди.

Жасурнинг ушбу жамоадаги фаолияти у қадар ёрқин чиқмаганини таъкидлаш лозим. У чемпионат ва кубок баҳсларида 4 ўйинда майдонга тушиб, фақат битта голли узатма билан чекланди. Мавсум якунларига кўра эса, «Нассаджи Мазандаран» пастки лигага тушиб кетди. Шартнома муддати тугаган Яхшибоев жамоани тарк этишга мажбур бўлди ва энди ёзги трансфер даврида яна ўз тақдири ҳақида бош қотиради.

Эслатиб ўтиш жоиз, Жасурбек Яхшибоев фаолияти давомида кўплаб клубларда ўйнаган. «Пахтакор» тарбияланувчиси бўлган ҳужумчи юртимизда ОТМК ва «Навбаҳор»да ҳаракат қилган. Аммо унинг асосий фаолияти хориж клублари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Хусусан, у Беларусда «Энергетик-БГУ» ва «Шахтёр-Солигорск», Польшада «Легия», Молдовада «Шериф», Қозоғистонда эса «Ордабаси» клублари шарафини ҳимоя қилган.

Жасур фаолияти мобайнида Беларус, Польша ва Молдова чемпионлигини қўлга киритган. Ўзбекистон чемпионатида бронза медаллари соҳибига айланган ва 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан Осиё чемпионатида ғалаба қозонган.

Яхшибоев 2021 йилда бутун футбол дунёсини лол қолдирган ҳолда Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Шериф» сафида Мадридда «Реал» дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг тарихий ғалабасига катта ҳисса қўшган эди.

Жасурбек Яхшибоев шу кунгача клублар миқёсида жами 172 ўйинда қатнашиб, 41 гол ва 22 та ассист қайд этишга улгурган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўнта ўйинда майдонга тушиб, Венесуэла ҳамда Тожикистон термалари дарвозасига гол киритишга эришган.

Умид қиламизки, иқтидорли ҳужумчимиз бу сафар ўз истеъдодини тўлиқ намойиш эта оладиган муносиб жамоани топиб, яна ўзбек футбол ишқибозларини хурсанд қилади.

Zamin.uz таҳририяти футболчига омад ва муваффақият тилайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жасурбек Яхшибоев яна жамоасиз қолди: энди қаерга йўл олади?