date
views 1 242

Равшан Эрматов: "Бу тарихий кунни 33 йил кутиб яшадик!"

Равшан Эрматов: "Бу тарихий кунни 33 йил кутиб яшадик!"
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, мамлакатимиз футболининг афсонавий ҳаками сифатида бутун дунёга танилган Равшан Эрматов, миллий терма жамоамизнинг илк марта жаҳон чемпионатига йўлланма олгани муносабати билан ўз фикрларини билдирди.

Эрматов бу ютуқни Ўзбекистон тарихида олтин ҳарфлар билан ёзиладиган, миллат учун унутилмас ва фахрли воқеа деб таърифлади:

«Бутун Ўзбекистон аҳолиси — қарийб 37 миллион инсон бу буюк кунни узоқ 33 йил давомида интизорлик билан кутди. Биз бу ғалабага осонлик билан эришганимиз йўқ. Ўтган йиллар мобайнида Президентимиз раҳбарлигида барча ёшдаги терма жамоаларимиз учун юқори даражадаги шароитлар яратиб берилди. Бунга жавобан ёшларимиз мунтазам равишда турли ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатларига чиқиб, Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди. Ана энди асосий миллий термамиз ҳам бу орзуга эришиб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди», — деди у.

Равшан Эрматов, шунингдек, мамлакатимиз футболи сўнгги йилларда катта ривожланиш босқичини бошдан кечирганини алоҳида таъкидлади:

«Президентимиз ташаббуси билан ўзбек футболи жаҳоннинг энг кучли термалари билан рақобатлаша оладиган даражага етиш йўлида дадил қадам ташламоқда. Биз барчамиз бу ғалабадан хурсандмиз, чунки бу нафақат футболчиларимиз ёки мураббийларимиз, балки халқимизнинг умумий ютуғидир. Бу ерда журналистларимизнинг ҳам ҳиссаси беқиёс, уларнинг доимий қўллаб-қувватлашлари ва фидойилиги биз учун жуда муҳим бўлди».

Эрматов бу тарихий воқеа ёш авлод учун катта мотивация бўлиб хизмат қилишини урғулади:

«Бизнинг ёшларимиз бу кунларни кўриб, ўзлари ҳам бундай натижаларга эриша олишларига ишонч билан яшашади. Улар энди шуни англашади: биз ҳам буюк ишларга қодирмиз. Уларнинг келажакда, қайси соҳада фаолият олиб боришларидан қатъи назар, янада улкан ғалабаларга эришишларини тилаб қоламан», — деб таъкидлади ЎФА биринчи вице-президенти.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни БААга қарши бўлиб ўтган саралаш ўйинида миллий терма жамоамиз сафарда 0:0 дуранг натижани қайд этиб, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу билан Ўзбекистон 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Эрматов: "Бу тарихий кунни 33 йил кутиб яшадик!"