date

Ёрқинбек Одилов Ҳиндистондаги жаҳон чемпионатида яна кумуш медал олди

Ёрқинбек Одилов Ҳиндистондаги жаҳон чемпионатида яна кумуш медал олди

Ўзбекистон спорт жамоатчилиги яна бир маротаба ифтихорли хабар билан қувонди. Ёш ва истеъдодли пара енгил атлетикачи Ёрқинбек Одилов Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳли шаҳрида ўтаётган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, ватанимиз шарафини юксалтирди.

F57 тоифасидаги найза улоқтириш баҳсларида иштирок этган 25 ёшли спортчи ўзининг шахсий рекордини янгилашга муваффақ бўлди. У 52.06 метр натижа қайд этиб, кумуш медалга эга чиқди ва мусобақанинг вице-чемпиони сифатида тарихга кирди.

Баҳсларда олтин медални туркиялик тажрибали спортчи Муҳаммад Ҳалванди 53.30 метр натижа билан қўлга киритди. Бронза медали эса 51.55 метр кўрсаткич қайд этган эронлик Аманоллаҳ Папига насиб этди.

Ёрқинбек Одиловнинг бу ютуғи нафақат шахсий рекорд, балки унинг барқарор ўсишини ҳам тасдиқлайди. Зеро, у 2023 йилда Парижда ташкил этилган жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медал соҳибига айланган эди. Энди эса Одиловнинг ҳисобида икки марта жаҳон чемпионати пьедесталига кўтарилиш шарафи мавжуд.

Мамлакатимиз пара спортчиларининг халқаро ареналарда бундай ютуқларга эришиши Ўзбекистонда соҳага берилган катта эътибор ва яратилган шароитларнинг самарасидир. Ёрқинбек Одиловнинг янги зафари эса ёшлар учун намуна бўлиб, келгуси мусобақаларда янада катта натижаларга эришишга илҳом бахш этади.

Бу кумуш медал спортчимиз учун навбатдаги ғалабаларга сўқмоқ очиши ва халқаро майдондаги нуфузини янада ошириши шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ёрқинбек Одилов Ҳиндистондаги жаҳон чемпионатида яна кумуш медал олди