Пара Осиё ўйинларида енгил атлетикачиларимиз шоҳсупаларни забт этмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 2026 йилги ёзги Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон пара енгил атлетикачилари 3 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медални қўлга киритди.
- Асила Мирзаёрова 200 метрга югуришда, Ёқутхон Ҳолбекова найза улоқтиришда ва Ёрқинбек Одилов диск улоқтиришда кумуш медалларни қўлга киритди.
- Ангелина Колесникова диск улоқтиришда, Диёрбек Умаров ядро улоқтиришда ва Содиқжон Мамадиев узунликка сакрашда бронза медаллар билан тақдирланди.
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарлари мезбонлик қилаётган 2026 йилги ёзги Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги муҳим ютуқлар ёзиб қўйилди.
Пара енгил атлетика бўйича кечган муросасиз баҳсларда ҳамюртларимиз юқори ирода ва маҳорат намойиш этиб, терма жамоамиз ғазнасига бирданига 3 та кумуш ва 3 та бронза — жами 6 та қимматли медални қўшиб қўйишди.
Финал баҳсларидаги 3 та кумуш медал
Шиддатли кечган беллашувларда Ўзбекистон вакиллари фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, вице-чемпионликни расмийлаштирдилар:
Асила Мирзаёрова (Т11 синфи): Аёллар ўртасида 200 метрга югуриш финалида ўзининг гид-югурувчиси Сардор Бахтиёров билан биргаликда юқори тезлик кўрсатиб, масофани 25,86 сонияда босиб ўтди ва кумуш медалга сазовор бўлди;
Ёқутхон Ҳолбекова (F12 синфи): Найза улоқтириш секторида ўз маҳоратини намойиш этиб, снарядни 32,43 метрга қадар етказди ва шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди;
Ёрқинбек Одилов (F57 синфи): Эркаклар ўртасида диск улоқтириш дастурида қатнашиб, 45,10 метр натижа қайд этган ҳолда кумуш медални нақд қилди.
3 та бронза медал: Шоҳсупани тўлдирган ҳамюртларимиз
Шунингдек, мусобақанинг техник йўналишларида Ўзбекистон спортчилари кучли учликни якунлаб, делегациямизга бронза медалларни тақдим этди:
Ангелина Колесникова (F44/F64 синфи): Аёллар ўртасидаги диск улоқтириш беллашувларида 30,10 метр кўрсаткич билан бронза медаль соҳибасига айланди;
Диёрбек Умаров (F12 синфи): Эркаклар ўртасида ядро улоқтириш бўйича рақобатлашиб, 12,54 метр натижа билан кучли учликка кирди;
Содиқжон Мамадиев (T37 синфи): Узунликка сакраш мусобақасида иштирок этиб, 5,69 метр масофага сакради ва бронза медалини қўлга киритди.
Аичи-Нагоя–2026 Пара Осиё ўйинларида пара атлетларимиз кўрсатаётган ушбу сермаҳсул натижалар Ўзбекистон жамоасининг умумжамоа ҳисобида ўз мавқеини янада мустаҳкамлашини таъминламоқда.































Изоҳлар 0
…