Маркинёс Чемпионлар лигаси финалидаги хатодан сўнг Габриелни юпатди

PSJ сардори Маркиньос Чемпионлар лигаси финалидаги драматик ғалабадан сўнг Арсенал ҳимоячиси Габриел Магалҳãесга айтган сўзларини очиқлади. Будапештда ўтган финалда Арсенал пеналтилар сериясида мағлуб бўлди ва Габриел ҳал қилувчи зарбада хатога йўл қўйди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
PSJ футболчилари ғалабани нишонлаш учун югураётган бир пайтда, Маркиньос ўз жамоадошлари сафига қўшилмасдан, тушкунликка тушиб қолган ватандошининг ёнига борди. Тажрибали ҳимоячи 2022-йилги Жаҳон чемпионатида ўзи ҳам шундай оғир вазиятни бошидан ўтказганини эслаб, Габриелга далда беришга қарор қилди.
Бразилия терма жамоаси йиғинида журналистлар билан суҳбатлашган Маркиньос ўша лаҳзаларни шундай хотирлади: "Мен байрам қилишга тайёр эдим, лекин югуришни бошлаганимда қаршимда уни кўрдим. Жамоам унинг ёнидан ўтиб кетаётган эди — худди 2022-йилдаги менинг ҳолатим каби. Мен унга кучли бўлишини, бошини баланд кўтаришини айтдим, чунки у ажойиб мавсум ва ажойиб ўйин ўтказди".
Маркиньоснинг сўзларига кўра, у Габриелни жорий мавсумдаги энг яхши марказий ҳимоячи деб ҳисоблайди. "Унга бу мавсумда дунёнинг энг яхши марказий ҳимоячиси бўлганини айтдим. У бундай юкни кўтаришга лойиқ эмас эди, чунки пеналтилар сериясида ҳамма ҳам гол уришни хоҳлайди, лекин омад келмаслиги мумкин", — дея қўшимча қилди PSJ сардори.
Арсенал устози Микел Артета қўл остида барқарор ўйин кўрсатган Габриел учун бу хато мавсумнинг энг оғриқли нуқтаси бўлди. Бироқ Маркиньос биргина хато ҳимоячининг бутун мавсум давомидаги меҳнатини йўққа чиқармаслиги кераклигини ва у терма жамоа учун ҳам ўта муҳим футболчи эканлигини таъкидлади.





























Изоҳлар 0
…