12:50 / 01.06.2021
3 246

Боксчиларимиз зўрлигини исботлаб қўйди ёхуд қозоғистонликларга бирорта олтин медаль берилмади!


Бокс бўйича бу йилги Осиё чемпионати финалларини яна Ўзбекистон ва Қозоғистон боксчиларининг ўзаро рақобати безаб берди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақада эса ўзбек боксчилари ҳамон қитъада етакчилигини яна бир карра исботлаб қўйди. Ўнта вазндаги финалда Ўзбекистондан етти, Қозоғистондан беш, Мўғулистон ва Ҳиндистондан учтадан, Эрондан битта боксчи иштирок этди.
49 килограмм
Финал: Даниял Сабит (Қозоғистон)- Нодиржон Мирзаҳмедов (Ўзбекистон) - 0:5.
Энг енгил вазндаги боксчимиз рақибини катта устунликда мағлубиятга учратиб, Ҳасанбой Дўсматовга муносиб ўринбосар борлигини исботлай олди ва ғалаба юришни бошлаб берди. Унинг ишончли ҳаракатлари қолган боксчиларимизнинг кайфиятига ижобий таъсир қилди. Нодиржоннинг ўзи икки йил олдин қўлга киритган чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилди.

Бронза: Марк Лестер Дуранс (Филиппин) ва Унуболд Орхонтунгалаг (Мўғулистон).
52 килограмм
Амит Пангал (Ҳиндистон, 1) - Шаҳобиддин Зоиров (Ўзбекистон, 2) - 2:3.
Бу вазнда нафақат Осиёнинг балки жаҳоннинг энг кучли икки боксчиси ўзаро тўқнаш келди. Бу  боксчилар жаҳон чемпионатининг финалида ҳам ўзаро куч синашган ва унда ҳам ўзбек боксчиси зафар қучганди. Кескин ва муросасиз баҳсда зафар қучган Шаҳобиддин Зоиров Амитдан қитъа чемпионлигини тортиб олди. Ҳаваскор боксда Зоиров ютмаган нуфузли мусобақа қолмади – у Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Осиё ўйинлари ғолиби бўлди.

Бронза: Сакен Бибосинов (Қозоғистон, 3) ва Асет Усеналиев (Қирғизистон, 4).
56 килограмм
Миразизбек Мирзахалилов (Ўзбекистон, 1) - Харкхуу Энх-Амар (Мўғулистон, 2) - 2:3.
Амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган Миразизбек бу гал қитъа чемпионлигини рақибига топшириб қўйди. Аслида финал баҳси тенг курашлар остида ўтди. Бироқ, ҳакамларга мўҳул боксчисининг ҳаракати кўпроқ маъқул келди. Мирзахалилов финални бой берган ягона вакилимиз бўлди.

Бронза: Есенбек Акилбек (Қирғизистон) ва Жунмилардо Огайер (Филиппин).
60 килограмм
Эрденебат Цендбаатар (Мўғулистон, 1) - Даниял Шахбахш (Иран) - 5:0.
Бу вазнда ярим финалда Абдумалик Ҳалаковни қийинчилик билан енгган Эрденебат Цендбаатар чемпион бўлди. Бироқ, ҳамюртимиз анча ёш бўлишига қарамай, чемпионатда муносиб иштирок этди. Катталар ўртасидаги мусобақаларга яқинда қўшилган Ҳалаковнинг келажагига ишонч бор.  
Бронза: Вариндер Сингх (Ҳиндистон) ва Абдумалик Ҳалаков (Ўзбекистон).
64 килограмм
Шива Тапа (Ҳиндистон) - Баатарсух Чинзориг (Мўғулистон, 2) - 2:3.
Бу вазнда кутилмаган боксчи финалга чиқди. Шива ярим финалда амалдаги чемпион Баҳодур Усмоновни енгди, лекин финалда иккинчи рақамли боксчи Баатарсух Чинзоригнинг қўли баланд келди. Элнур Абдураимов Олимпиадада совриндор бўлиш учун тайёргарлигини кучайтириши керак бўлади.
Бронза: Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) ва Баҳодур Усмонов (Тожикистон, 1).
69 килограмм
Бобо-Усмон Ботуров (Ўзбекистон, 1) - Абилайхан Жусупов (Қозоғистон, 2) - 4:1 (жанг рақибнинг жароҳати туфайли биринчи раундда якунланди)
Бу икки боксчи аввалги жаҳон чемпионатида бронза медални бўлишиб олганди. Қозоқ боксчиси ўзаро баҳсда ҳамюртимизга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Жанг тўхтатилган пайтда ҳам ҳисобдаги устунлик Ботуров томонида эди. Бобо-Усмон қитъа чемпионлиги унвонини ўзида сақлаб қолди.  

Бронза: Баттумур Мишеелт (Мўғулистон) ва Викаш Кришан (Ҳиндистон).
75 килограмм
Абилхан Аманқул (Қозоғистон) – Саиджамшид Жаъфаров (Ўзбекистон) - 1:4.
Бу икки боксчи ярим финалларда вазн етакчиларини мусобақадан чиқариб юборди. Саиджамшид ўзига берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланди. Финалда рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва илк марта Осиё чемпиони бўлди. Бу боксчимизни ҳам ёрқин келажак кутаётганидан умидвормиз.

Бронза: Эумир Феликс Марсиал (Филиппин, 1) ва Зейдшахин Моусави (Эрон, 2).
81 килограмм
Мейсам Гешлаги (Эрон) - Дилшодбек Рўзметов (Ўзбекистон, 2) - 2:3.
Жаҳон чемпионати финалчиси бўлган Дилшод Рўзметов финалда қийинчиликка учради. Лекин маҳорат ва тажриба бобида эронлик рақибидан устунлигини намойиш эта олди. Қитъа чемпионатидаги дастлабки олтин медалга эга чиқди.

Бронза: Эркин Абдилбек Уулу (Қирғизистон) ва Шаббос Негматуллоев (Тожикистон).
91 килограмм
Василий Левит (Қозоғистон, 1) - Санжит (Ҳиндистон, 2) - 1:4.
Бу вазнда қитъамизнинг энг кучли икки боксчиси ўзаро тўқнаш келди.  Устунлик ҳиндистонлик боксчи томонида бўлди. Қозоғистонликлар Олимпия ўйинчилари финалчиси, жаҳон чемпионатлари совриндори ва уч карра Осиё чемпиони бўлган Левитнинг ғалабасига ишонган эди.
Бу вазнда қатнашган Санжар Турсунов чемпионатни бронза медаль билан якунлади.  Санжар Олимпиада учун тайёргарликни кучайтириши керак бўлади.
Бронза: Рустам Ирисбек Уулу (Қирғизистон) ва Санжар Турсунов (Ўзбекистон, 3).
+91 килограмм
Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон, 1) - Қамшибек Кункабаев (Қозоғистон, 2) - 5:0.
Ўта оғир вазн ҳар қандай мусобақанинг гултожи ҳисобланади. Айниқса, финалда ашаддий рақибларнинг тўқнаш келиши жангларнинг энг кескин ва муросасиз кўринишини тақдим этади. Қозоғистон терма жамоаси сардори Қамшибек Кункабаев қўшниларимизнинг сўнгги умиди эди.
Бироқ, Баҳодир Жалолов худди жаҳон чемпионати финалида бўлгани каби  бу гал ҳам рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Жангни катта устунлик билан енгган ҳамюртимиз уч карра Осиё чемпионига айланди.

Бронза: Пуриа Амири (Эран) - Абдулраҳмон Аланзи (Кувайт).
Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўриндан жой олган мўғулистонлик чарм қўлқоп усталари ҳисобида учта олтин ва иккита бронза бор.
Кучли учликни битта олтин, иккитадан кумуш ва бронза билан ҳиндистонликлар якунлади.

Бу чемпионатда олтин медалсиз қолган қозоғистонлик боксчилар бешта кумуш ва битта бронза медаль билан тўртинчи ўринда қайд этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Боксчиларимиз зўрлигини исботлаб қўйди ёхуд қозоғистонликларга бирорта олтин медаль берилмади!