18:23 / 03.02.2022
1 258

«Футболимиз – тизимли ёлғон». Бахтиёр Ҳамидуллаев билан очиқ интервью

«Футболимиз – тизимли ёлғон». Бахтиёр Ҳамидуллаев билан очиқ интервью
«Андижон» клуби собиқ футболчи ва мураббийи, Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ аъзоси Бахтиёр Ҳамидуллаев Tribuna.uz сайтига интервью бериб, ўзбек футболида сиз эшитмаган воқеалар ва муаммоларни очиқлади. У футболимиз, ундаги муаммолар, кечаси ва бугуни ҳақида гапирди.

90-йиллар охири, янги мингйиллик бошларида Ўзбекистон футболида яхши ҳужумчилар бисёр эди. Воҳа-ю водий, пойтахт-у шимолгача барча ҳудудлар – Олий лигада қатнашадиган деярли барча клубларда ўзининг тўпурар ҳужумчилари бор эди. Табиийки, миллий жамоада ҳам бу борада муаммо йўқ, ҳужум чизиғида рақобат етарли эди. Тўпурарлар баҳсида гоҳ у, гоҳ бу голеодорнинг исми етакчилар қаторида бўлар, ким ўзарга гол уриш авжига чиққан маҳаллар. Ўша даврнинг ўзига хос страйкерларидан бири, ўз амплуасида ёрқин ўйинлар намойиш этган, Андижоннинг фахри бўлган ҳужумчи Бахтиёр Ҳамидуллаев футболимизда ёрқин из қолдирган, тарих саҳифаларига ўз номини ёздириб қўйган иқтидорли ҳужумчи эди.

«Футболсиз зерикдим»
– Ҳозирги кунда футболдан узоқдаман. Мураббийлик «Б» лицензиям бор, энди «А» лицензияга ўқишим керак. Бор эътиборим шунга қаратилган. Футболсиз қийин экан. Бошқа соҳани эплаш ҳам қийин бўларкан. Мен фақат футболга интиляпман. Бир вақтлар Юрий Саркисян айтганди: эслаб қол, бир кун келиб футболдан ҳайдашади сизларни, ҳозир қадрига етгин, ҳозирдан келажагинг учун замин ҳозирла, деб. Бошқа ишларим ҳам бор эди-ку, аммо барибир футболдан ташқарида бир иш қилолмасам керак.

«Футболчиларни алдаш оддий ҳол эди»
– Тўғрисини айтаман: «Андижон»да деярли 13 мавсум ўтказган бўлсам, ярмини раҳмат учун ўтказганман. Ўша пайтларда клубда футболчиларни алдаш авжига чиққанди. Ҳозирги кунни билмайман, лекин биз ўйнаган даврда фаолиятимизнинг ярмида текинга ўйнаган эдик. Аслида, футболчи ва клуб ўртасидаги шартнома 3 нусхада бўлади. Биз эса 4та қоғозга шартнома имзолардик. Биринчисига футболчи ўз талабларини ёзади, клуб эса имзо чекиб, муҳр босиб беради. Лекин бу ҳужжат ҳеч нарсага ярамайди. Қолган 3та шартномани клуб тўлдиради ва сиз қўл қўясиз. Футболчилар алданишарди, раҳбарият шу қадар товламачи бўлиб кетгандики, тасаввур қила олмайсиз.

Мисол учун, менинг укам билан ҳам шундай воқеа содир бўлган. Машғулотлардан қайтаётганида уни ушлаб, аканг билан гаплашдик, мана бу ҳужжатларга қўл қўйишинг керак, деб ҳужжатларга имзо қўйдиришган. Мен ҳеч ким билан ҳеч нарса ҳақида гаплашмагандим. Кейин билсак, укамга 5 йиллик кўтарма пулини клуб тўлаб бергани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекдириб олишган экан. Тахминан, 5 йил учун 50 минг доллар миқдоридаги пул эди. У пулни эса, табиийки, раҳбарнинг ўзи «еб юборади».

Ўша мавсумнинг сўнгги 4 ўйинида укам 6 гол урганди. Бундай ишлардан сўнг, у бошқа футбол ўйнамади, руҳан синиб қолди. Аслида, у Рауф Инилеев назарига тушиб, миллий жамоа билан Тайландга ҳам бориб келганди.

«Рўзиқул Бердиев 25 минг беришга тайёрлигини айтганди, Андижон ҳокими Қашқадарё ҳокимига қўнғироқ қилган экан»
– 30 ёшдан ўтганингиздан сўнг, клубдагиларнинг сизга муносабати яна ҳам ўзгариб қолади. Клуб учун ким қандай хизматлар қилгани маълум-ку! Улар ўз ўринларини бериб қўймаслик учун бизни жамоадан четлаштиришга ҳаракат қилишар эди. Ўша вақтда «Андижон»да 15 минг атрофида кўтарма пули олардим, «Насаф»дан Рўзиқул Бердиев алоқага чиқиб, 25 минг беришга тайёрлигини айтганди. Шунда мен Андижон ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг олдига кирганман, клубга сиғмай қолдим, Қаршидан таклиф тушяпти, деб айтганимда шу ерда кераклигимни айтганди ва бироз жаҳли ҳам чиққан. Кейин эса Қашқадарё ҳокими Нуриддин Зайниевга қўнғироқ қилган экан ва шу тариқа Андижонда қолиб кетганман.

Шундан кейин ярим йилча футбол ўйнамадим. Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган – қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Ярим йилдан сўнг, яна мени чақириб, гўёки ярашиб олди, мени яна футбол ўйнашга кўндирди. Иккинчи даврадан яна «Андижон»да ўйнай бошлаганман.

«Пахтакор»да Агамуродов менга имкон бермади»
– Туркманистонлик Язгир Куданов Тачмурод Агамуродов ўзи орқали мени «Пахтакор»га чақираётгани ҳақида гапириб қолди. Барча шароитларни яратиб бермоқчилигини айтганди. Ўйлаб қарасам, Ўзбекистон чемпионатида қиладиган ишим қолмаган экан. Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи бўлдим.

Бориб гаплашдик, келишувга эришдик. Қиш давомида Туркия ва БААда йиғинлар бўлиб ўтди. Ўртоқлик ўйинларида тинимсиз гол ургандим. Ўша вақтда 2002 йилги жаҳон чемпионатида Испания ва Италияни ютган корейс футболчиларидан 4таси ўйнайдиган клубни ҳам 3:2 ҳисобида ютгандик, мен 2та гол урганман. Бир қарашда асосий таркибда ўйнашим аниқдек эди. Шамакович мени миллий чемпионатда майдонга туширар эди, бироқ Чемпионлар лигасида ўйнамас эдим. Биринчи турда майдонга туширишганида гол ургандим-ку! Кейин умуман ўйнатмай қўйишди. Адолатсизлик бўлди. Менинг позициямда туркманистонлик Александр Крохмаль бор эди-да. У эса Агамуродовнинг ҳамюрти. Крохмаль жароҳати билан ҳам ўйнарди. Лекин ўша вақтда машғулотларда ҳам сезардим — мен ундан устунроқ эдим.

Тошкентда ўтган «БЕК Теро» (Тайланд) билан ўйинни эсласангиз керак. Биринчи ўйин 1:3 ҳисобида ютқазганмиз. Бизга камида 2:0 ҳисобидаги ғалаба керак. Бундай вазиятда жамоада ҳужумчи бўлиши шарт. Бу пайтгача мураббий билан алоқаларимиз бироз ёмонлашиб қолганди. Ўйин вақтида Андрей Власичев билан захирада ўтиргандик ва у ушбу ўйин ўзаро муносабатларни ўйлайдиган беллашув эмаслигини, мураббий мени майдонга тушириши кераклигини айтганди. Аммо мураббий мени ўйнатмади. Ўйин тугаганидан сўнг, Бикмаев олдимга келди. Жуда ёш бола эди, кўзида ёш билан бугун мен эмас, сиз майдонга тушишингиз керак эди, деди. Ўйин 1:0 ҳисобида якунланди, «Пахтакор» финал остонасида тўхтади. Ўйиндан кейин бир гуруҳ мухлислар жамоа жойлашган меҳмонхонага келиб, Тачмурод Агамуродовни сўроққа тутишган: нега Ҳамидуллаевни майдонга чиқармадинг, қабилида.

Кўпчилик мендан сўрайди: миллий жамоага ҳам бориб, нега майдонга чиқмасдингиз? Бу – мураббийнинг танлови! «Андижон»да доим асосий таркибда ўйнаганман, «Пахтакор»да ҳам рақобатда ютқазмаганимга ишонаман.

Андижонлик футболчилар нега кетиб қолган?
– Миллий жамоада ўйнаган бир қатор футболчилар Андижондан: Олег Зотеев, Вагиз Галиулин, Шавкат Муллажонов, Отабек Қиличев... Лекин айнан «Андижон» клубидан миллий жамоага жуда кам футболчи чиққан. Юқоридаги футболчилар Андижондалигида ўринбосарлар таркибида ўйнаб юрган, лекин катта футболга уларни Тошкент тарбиялаган. Нега улар кетиб қолган? Чунки, жамоа ёш иқтидорларни ушлаб қолмаган.

Нега маҳаллий ўйинчилар қадрланмаган? Сабаби, четдан қанча футболчи келса, раҳбарнинг чўнтагига шунча фойда. Бу тизимлашиб кетган Андижон футболидаги иллат. Мен келганимдан сўнг, мана шу тизимни бироз бўлса-да ўзгартира олдим, деб ўйлайман.

Легионерлар ва «Андижон»да нега ишлай олмагани ҳақида
– Баъзи бир легионерлардан ўзимизнинг академиялардан чиққан футболчилар кучлилиги ҳақида эшитганмиз. Уларнинг туришидан ҳам қандай ўйнаши маълум. Шу футболчиларга бекордан бекор 3 минг доллар маош берилар экан. Аслида эса, ўша пулдан 500-700 доллар маблағ уларнинг қўлига тегар экан, қолгани эса клуб раҳбарларига. Футболимизда бу оддий ҳол, яширадиган жойи йўқ.

Ўтган мавсум «Андижон»да ишлаганимда жамоада ўзим хоҳлаган муҳитни яратишга ҳаракат қилиб кўрдим. Лекин бир ўзим қийналдим, маслакдошим йўқ. Ишлашга қўйишмайди, халал бераверишади. Душман ичингизда, тавба. Жамоанинг мағлубиятини истайдиганлар бор, чунки муваффақиятсизликлар ортидан ишлаб турганлар кетса, уларнинг ўрнига ўша одамлар келиб, жамоа бошқарувини қўлига олса.

«Шўртан» билан ўйинга бормаслигим учун 20 минг доллар таклиф қилишганди»
– Бир куни ўйиндан олдин Артурас Фоменко «фейсбук»дан ёзяпти: таркибни тезда ўзгартир, бу ўйинчилар ўйинни сотишади, деганга ўхшаш гап қилди. Ҳайрон бўлдим, аммо старт-листга тегмадим. Кейин билсам, тотализаторчилар таркиб учун ҳам пул тикишар, асосий таркибни топганга катта пул тегар экан. Ҳозир ҳам айрим ўйинларда кузатганмисиз – асосий таркиб ўйинга бир неча дақиқа қолганида ўзгариб қолади.

Яна бир воқеани айтай: 2006/2007 йиллар мавсумининг охирги турида «Шўртан»га лигада жон сақлаб қолиши учун 1 очко керак эди. Биз лигада қолиш масаласини аллақачон ҳал қилиб бўлгандик. Ғузорликлардан менга қўнғироқ бўлганди: ўйинга келмасанг, уйингга 20 минг доллар жўнатамиз. Мен рози бўлмадим. Бироз ўтиб, бир дўстим телефон қилди: «Сен аҳмоқмисан? 20 минг долларни олсанг-чи!», — деди. Мени кўндира олишмагач, мураббийларга алоқага чиқиб, ўйинни сотиб олишибди. Мен ўша ўйинда укамга голли пас бердим, укам гол муаллифи, аммо якунда «Шўртан» ғалаба қозонди барибир. Пулни олишганда. Майдонда спектакль ўйнаб беришди футболчилар.

«Аввалги футболчилар кучлироқ эди»
– Биз Игорь Шквирин, Шуҳрат Мақсудов, Равшан Бозоров даражасидаги ҳужумчи бўла олмадик. Биздан кейинги авлод ундан-да сифатсиз. Элдор Шомуродов-чи, дейсизми? Шу биргина, борингки, икки нафардир яхши ҳужумчи. Яна кимларни айта оласиз? Элдор Европага борган бўлса, ўз даврида Максим Шацких ҳам шундай йўлни босиб ўтган-ку.

Мураббий бўлиб ишлаганимда қанча футболчиларни кўрдим – элементар кўрсатмаларни тушунишмайди. Ота-онаси пул бериб футболчи бўлганлар қанча.

«Ким ўзи у?» – Миллий жамоадаги фаолияти ҳақида
– Миллий жамоада ўйнаб кетиш вилоятлардан борганларга осон эмас эди, ҳа. Бир мисол айтай: Олимпия жамоаси билан Гоада йиғиндамиз. Мен ва Улуғбек Бақоев таркибдамиз, ўша йиллари Олий лигада пайдар-пай голлар уриб юрибмиз, асосий таркибда эса бошқа футболчи ўйнаяпти. Ким ўзи у? Нега лигада тўпурар бўлиб турган биз эмас, у ўйнаяпти асосийда? Шунақа ҳолатлар кўп бўлган-да.

«ЎФАга борсам, ўқиш бошланишига 2 ойлаб вақт бўлса ҳам, рўйхат тўлиб бўлган дейишади»
– 43 ёшдаман, футболчилик фаолиятимни якунлаганимга қарийб 11 йил бўлди. Ҳозирча «Б» лицензиям бор. ЎФАга борсам, ўқиш бошланишига 2 ойлаб вақт бўлса ҳам, рўйхат тўлиб бўлган дейишади. Кейингисида ўқийсиз деб, телефон рақамларимни олиб қолишади, лекин дарак йўқ. Ноилож, Бишкекда ўқиб келдим ўша «Б» лицензия учун. Тожикистон ва Қирғизистондаги танишларимга айтиб қўйганман: «А» лицензия учун Тожикистон ёки Қирғизистонда ўқиб келаман, чунки ўзимизда таниш-билишчилик, пул узатиш керак, шекилли – жой йўқ. Ассоциациядагилар доим академиядаги мураббийларни ўқитишни мақсад қилганини айтади. У ҳолда бизга ўхшаганлар нима қилсин, қаерда ўқисин?

Мен заводдан ёки бозордан футболга кириб келмаяпман-ку! Андижонда қоровул, ошпаз ва яна аллакимлар мураббий бўлиб ишлаяпти. Мана шунақалар футболга мураббийлик қилганидан сўнг, қандай футболчилар етишиб чиқсин? Бу Андижон футбол академияларидаги майнавозчиликлардан бири. Сиёсат ўша-ўша: футбол ичидаги одамларни сиқиб чиқариш, фақат ўз сўзига юрадиганларни атрофига тўплаб олиш.

«Андижон» клубининг ҳозирги раҳбари Журъатбек Қувватов билан фикримиз бир жойдан чиққан. У ҳам вилоят ёшларидан клуб асосини шакллантиришни асосий вазифаси, деб билади. Ўтган йилда U-21 жамоасини бошқардим, совринли ўринлар учун ҳам курашдик. Футболчиларнинг ҳаммасини ўзим саралаб олдим. Ота-оналар болам ўйнасин деб, келиб пул бермоқчи бўлаверар экан. Бирортасини қабул қилмадим. Кучлилар ўйнасин!

«Юқоридан бўлган топшириқни бажармай, футболчини алмаштирмаганим учун «Андижон»дан кетдим»
– «Сурхон»га қарши ўйинда Дониёр Муллажонов қўнғироқ қилиб, 15-дақиқада ўйинчи алмаштиришими кераклигини юқоридан сўрашаётганини айтди. Ия, қанақасига? Ўзи коронавирус ва жароҳатлар сабаб 13 нафар футболчимиз қолган. Ўйин бошидаёқ алмаштирсам, қолган дақиқаларда нима қиламан? Ўзгаришларни кейинроқ қилиш керак эмасми, шундоқ ҳам захирамиз йўқ-ку. Юқоридан бўлган топшириқни бажармай, футболчини алмаштирмаганим учун жамоадан кетдим. Бу истеъфо ҳам эмасди, сабаби, сўнгги 7 ўйинда атиги 2 бор мағлуб бўлдик. Рақиблар биз билан ҳисоблаша бошлаганди, энди аввалгидек очко улашадиган жамоа эмасдик.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Футболимиз – тизимли ёлғон». Бахтиёр Ҳамидуллаев билан очиқ интервью