Google TV энди Gemini ёрдамида табиий овозли буйруқларни тушунади

Google компанияси Google TV тизими учун муҳим янгиланишни тақдим этди. Эндиликда тизимга интеграция қилинган Gemini сунъий интеллекти фойдаланувчиларга телевизорни табиий нутқ орқали бошқариш имконини беради. Бу функция мураккаб созламалар менюсида қидириб ўтирмасдан, оддий жумлалар ёрдамида қурилмани созлашга хизмат қилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Фойдаланувчилар энди телевизорга "Нима бўлаётганини эшитмаяпман" ёки "Бу саҳна жуда қоронғи, ҳеч нарсани кўриб бўлмаяпти" каби иборалар билан мурожаат қилишлари мумкин. Gemini ушбу сўровларни таҳлил қилиб, тасвир ёрқинлигини, контрастини ёки овоз баландлигини автоматик равишда мослаштиради. Шунингдек, спорт режими, басларни кучайтириш ёки ўйинлар учун махсус режимларни ҳам овоз орқали ёқиш мумкин.
Тизим нафақат буйруқларни бажаради, балки тасвир ва овоз билан боғлиқ муаммоларни диагностика қилиш қобилиятига ҳам эга. Агар фойдаланувчи муаммони сўз билан тасвирлаб берса, сунъий интеллект уни бартараф этиш учун тегишли тузатишларни таклиф қилади. Бу технология телевизордан фойдаланиш тажрибасини бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Ҳозирча ушбу функция фақат АҚШ бозоридаги TCL брендининг 2025–2026-йилларда ишлаб чиқарилган айрим моделларида (ҚМ9К, ҚМ7Л, РМ7Л ва бошқалар) мавжуд. Янги имкониятлардан фойдаланиш учун қурилма Android 14 ёки ундан юқори операцион тизимда ишлаши талаб этилади. Келажакда бошқа брендлар ва минтақалар учун ҳам қўллаб-қувватлаш кенгайтирилиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…