Бухоро чўлида катта кўл пайдо бўлди

Бухоро чўлида катта кўл пайдо бўлди

Бухоро вилояти Пешку туманидаги Газли шаҳарчаси шимолида сўнгги ярим йил мобайнида меъёрдан уч баравар кўп ёғингарчилик кузатилиши натижасида катта сув ҳавзаси пайдо бўлди. Бу ҳақда Экологик партия маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур кўл илгари сувсиз бўлган “Шўрбулоқ” ҳудудида шаклланган. Айни пайтда унинг умумий майдони тахминан 80 квадрат километрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Бухоро шаҳри ва Чорвоқ сув омбори ҳажми билан таққосланганда анча катта экани билан эътиборни тортади.

Мутахассислар фикрича, сувнинг тўпланишига нафақат кўп ёғингарчилик, балки Сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида қазилган кичик каналлар орқали атрофдаги сизот сувлари ушбу ҳудудга йўналтирилган. Сув эса умумий узунлиги 126 километр бўлган коллектор канали орқали келиб тушмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 500 дан ортиқ кўл мавжуд. Уларнинг аксар қисми мавсумий ёки нисбатан кичик кўллар ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатдаги энг йирик сув ҳавзаси Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлиб, унинг умумий майдони тахминан 3500–4000 квадрат километрни ташкил қилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар