Президентнинг қарори бўйича ёшларга 100 млн сўмгача имтиёзли кредитлар берилади

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу борада Президентнинг PQ–210-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Алоқабанк” томонидан “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 31 ёшга тўлмаган фуқароларга 7 йилгача муддатга кредит берилади. Асосий қарз учун 1 йилгача, фоиз тўловлари учун эса 3 ойгача имтиёзли давр белгиланади.
Имтиёзли микроқарзлар суғурта полиси ёки учинчи шахс кафиллиги асосида ажратилади. Хорижий тил, рақамли технологиялар ва замонавий касбларни ўрганиш учун 20 миллион сўмгача маблағ берилиши мумкин.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фрилансерлик, онлайн дўкон ва ўзини ўзи банд қилиш лойиҳалари учун 50 миллион сўмгача кредит ажратилади.
Тикувчилик, касаначилик, қайта ишлаш ва маҳсулот тайёрлаш лойиҳалари учун ҳам 50 миллион сўмгача маблағ берилиши кўзда тутилган. Новвойчилик ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда сотиш йўналишлари учун эса 100 миллион сўмгача имтиёзли микроқарз ажратилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!