2025 йилда тиббий хизматлар қимматлади, энг катта ўсиш лабораторияда

Миллий статистика қўмитаси келтирган маълумотларга кўра, 2025 йил давомида мамлакатда тиббий хизматлар нарх-наволарида сезиларли кўтарилиш кузатилди. Айрим йўналишларда қимматлашув 10 фоиз “психологик чегара”сидан ҳам ошиб кетгани аҳолининг кундалик харажатларига бевосита таъсир қилмасдан қолмади.
Йил якунлари бўйича эълон қилинган рақамлар шундан далолат берадики, тиббиётнинг деярли барча асосий хизмат турларида нархлар юқорига силжиган:
– стоматология хизматлари ўртача 5,1 фоизга қимматлади;
– тиббий лаборатория хизматлари 10,3 фоизга ошди;
– амбулаторияда даволаниш хизматлари 9,4 фоизга кўтарилди;
– диагностика визуализацияси (УЗИ, МРТ, КТ каби) хизматлари 9,1 фоизга ўсди;
– стационар даволаш ҳамда реабилитация хизматлари эса 7,5 фоизга юқорилади.
Кўриниб турибдики, энг катта ўсиш айнан лаборатория хизматлари ҳисобига тўғри келган. Бу эса таҳлиллар, текширувлар ва турли тестлар нархи йил давомида энг тез “югурган” йўналиш бўлганини англатади. Шу билан бирга, амбулатор даволаниш ва диагностика хизматларидаги қимматлашув ҳам кам эмас — бу тоифалар аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган хизматлардан саналади.
Мутахассислар фикрича, тиббий хизматлар нархининг ўзгариши бир нечта омиллар таъсирида шаклланиши мумкин. Хусусан, инфляция жараёнлари, хизмат кўрсатиш харажатларининг ортиши, сарф материаллари қимматлаши, шунингдек, замонавий ускуналардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ чиқимлар нархларга босим ўтказиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Қисқаси, 2025 йил тиббий хизматлар бозорида “нархлар жойида турмайди” деган тенденцияни яна бир бор кўрсатди. Энди эса аҳоли учун энг муҳим савол — 2026 йилда ҳам бу кўтарилиш давом этадими ёки вазият бироз барқарорлашадими?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!