Рамазон ойида ифтор ва саҳарликни тўғри режалаштириш учун шифокор маслаҳатлари

Рамазон ойида тўғри овқатланиш нафақат қулайлик, балки соғлиқ учун ҳам жуда муҳим. Кун давомида организм узоқ вақт сувсиз ва овқатсиз қолгани учун ифтор ва саҳарликдаги танловлар вазн, қон босими, ошқозон-ичак фаолияти ҳамда умумий ҳолатга бевосита таъсир қилади.
Шифокорлар энг аввал сув масаласига эътибор беришни тавсия қилади: ифтордан саҳаргача камида 6–8 стакан сувни бўлиб- бўлиб ичиш керак. Газли ва энергетик ичимликлар эса аксинча, сувсизланишни кучайтириши мумкин. Ифторни ҳам енгил таомдан бошлаш мақбул: хурмо, илиқ сув ёки шўрва ошқозонни “юмшоқ” тайёрлайди, ёғли ва қовурилган овқатни бирданига кўп ейиш эса гастрит ва оғриқ чақириши эҳтимол.
Саҳарликни ўтказиб юбориш кўпинча кун давомида холсизлик, бош айланиши ва қон босими тушишига олиб келади. Шунинг учун саҳарда тухум, сут маҳсулотлари, сабзавотлар ва донли овқатлар каби тўйимли, лекин енгил ҳазм бўладиган маҳсулотлар тавсия этилади. Шу билан бирга, аччиқ, шўр ва ҳаддан ташқари ёғли таомлар чанқоқни кучайтириб, юракка ортиқча юклама бериши мумкин.
Кофе ва чойни ҳам меъёрда ичиш керак, чунки уларни кўп истеъмол қилиш сувсизланишга сабаб бўлиши мумкин. Жисмоний фаолликни эса ифтордан 1–2 соат ўтиб енгил машқ тарзида ёки саҳардан олдин режалаштириш мақбул. Агар кимдадир қандли диабет, юрак, буйрак ёки ошқозон касалликлари бўлса, рўза тутишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш шарт — соғлиқда таваккал қилиш “савоб” эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!