Зоминда Рамазон арафасида аҳоли учун арзон савдо ярмаркаси бошланди

Муборак Рамазон ойи арафасида Зомин туманида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик эҳтиёж товарлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида навбатдаги савдо ярмаркаси ташкил этилди. Шу билан бирга, савдо нуқталарида назорат ва мониторинг ишлари янада кучайтирилди.
Асосий мақсад — аҳолини арзон, сифатли ва етарли маҳсулотлар билан таъминлаш, нархларнинг сунъий равишда оширилишига чек қўйиш ҳамда бозорларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат.
Шу муносабат билан Зомин тумани ҳокимлиги томонидан бозорлар ва савдо шохобчаларида тизимли ўрганиш ҳамда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Масъул мутасаддилар маҳсулотлар нархи, мавжуд захиралар ҳажми, савдо қоидаларига амал қилиниши, шунингдек, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши масалаларини доимий таҳлил қилиб бормоқда.
Савдо ярмаркаси доирасида аҳолига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархига нисбатан мақбул ва ҳамёнбоп баҳоларда таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар Рамазон ойи давомида нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ички бозорда мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!