Зомин туманидаги алимент ижро иши ярашув билан якунланди

Зомин туманидаги алимент ижро иши ярашув билан якунланди

Мажбурий ижро бюроси Зомин туман бўлими давлат ижрочилари томонидан алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижросини таъминлаш жараёнида оилавий муносабатларни тиклашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ўз самарасини берди.

Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочилари томонидан эр-хотин билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, оила муқаддаслиги, фарзандларнинг манфаатлари ва соғлом оила муҳитини сақлаб қолишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган мулоқотлар ва яраштириш тадбирлари натижасида томонлар ўзаро келишувга эришиб, оила яраштирилди ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги ижро иши ижобий ҳал этилди.

Мажбурий ижро бюроси фаолиятида суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш билан бир қаторда, оилаларни сақлаб қолиш, фарзандларнинг тўлиқ оила бағрида камол топишига кўмаклашиш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу каби ярашувлар нафақат бир оиланинг, балки жамият барқарорлиги ва фарзандлар келажаги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мажбурий ижро бюроси томонидан бундан буён ҳам оилавий низоларни муроса йўли билан ҳал этиш, алимент ижро ҳужжатлари юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда оилаларни сақлаб қолишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар