date

Қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига Президент автомобил совға қилди

Қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига Президент автомобил совға қилди

24 февраль куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиғилишда кутилмаган, аммо ёқимли лаҳза кузатилди. Йиғилишда иштирок этган 4-синф ўқувчиси қўшиқ куйлаб берганидан сўнг унга автомобил совға қилиниши айтилди. Бу ҳақда журналист Азиза Қурбонова маълум қилди.

Маълум бўлишича, Отамурод исмли бола Комилжон Отаниёзовнинг қўшиғини куйлашини билдирган. Президент эса ҳазил аралаш тарзда “Отажон Худойшукуров репертуаридан ҳам бўлсин”, дея кулдирган. Шу суҳбатдан кейин давлат раҳбари ўқувчига машина совға қилинишини айтган.

Йиғилишда асосий мавзу ёшлар бандлиги бўлди. Қайд этилишича, ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келяпти, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши мумкин. Президент ёшлар ўзини топиши, ўзига мос ишга жойлашиши учун шароит яратиш энг долзарб масала эканини таъкидлади.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ўтказилган сўров натижасига кўра, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар ажратилган. “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 15 минг нафар ёш ўз ишини бошлаган, натижада 50 минг одам иш билан таъминлангани айтилди.

Йиғилишда яна бир муҳим янгилик ҳам эълон қилинди: ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилади. Бундан ташқари, ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит бериш (ҳозир 5 миллиард сўмгача) режалаштирилаётгани, инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши ҳам маълум қилинди.

Қисқаси, йиғилишда рақамлар ҳам, қарорлар ҳам кўп бўлди. Лекин кўпчиликнинг ёдида қолгани — қўшиқ айтган боланинг қалбига қувонч солган ўша совға бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига Президент автомобил совға қилди