2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади

Ўзбекистонда мактаб дарсликларини янги алифбога босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилмоқда. 2027 йилдан бошлаб 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этила бошлайди. Бу ҳақда 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг айтишича, мактаб дарсликлари синфлар кесимида маълум даврийлик асосида янгиланади. Жумладан, 1-синф дарсликлари ҳар йили, 2–4-синф дарсликлари уч йилда бир марта, 5–11-синф дарсликлари эса беш йилда бир марта янгиланади.
Шу сабабли 2027 йилдан бошлаб янги алифбода 1-синф дарсликларини чоп этишдан бошланади. Турдиевнинг таъкидлашича, 2027–2031 йиллар давомида мактаб дарсликларини босқичма-босқич тўлиқ янгилаш кўзда тутилган.
“2027 йилдан бошлаб биз 1-синф дарсликларини шундоқ ҳам янги алифбода чоп этамиз ва 2027 йилдан 2031 йилгача барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади”, — деди Азизбек Турдиев.
Қолган синфлар дарсликлари ҳам ўзининг янгиланиш муддати келиши билан параллел равишда янги алифбога ўтказиб борилади. Вазир ўринбосари бу жараён дарсликларни белгиланган муддатларда янгилаш билан бир вақтда амалга оширилиши сабабли қўшимча маблағ талаб қилмаслигини билдирган.
Шунингдек, 24–28 август кунлари мактабгача таълим тизимида янги алифбони жорий этиш билан боғлиқ ўқув семинарлари ташкил этилгани ҳам қайд этилган.






























Изоҳлар 0
…