Энди сигарет фақат карта орқали: янги тўлов қоидалари изоҳланди

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида янги тартиб кучга кирди. Энди айрим товар ва хизматлар учун фақат нақдсиз — яъни банк карталари орқали тўлов қилиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси раҳбарияти вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди.
Маълум қилинишича, жами 28 минг турдаги товар ва хизматлар нақд пулсиз шаклда сотилади. Шуларнинг катта қисми — тахминан 22 минг тури — тамаки ва алкоголь маҳсулотларига тўғри келади. Яъни, бу каби маҳсулотларни харид қилишда эндиликда картадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади.
Бундан ташқари, 561 турдаги кўчмас мулк ва транспорт воситалари, шунингдек 56 турдаги давлат хизматлари учун ҳам тўловлар фақат банк орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, нархи 25 миллион сўмдан юқори бўлган 5 минг турдаги маҳсулотлар ҳам нақдсиз тартибда сотилади.
Дўконда бу қандай ишлайди?
Янги тизим оддий харид жараёнида ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, харидор дўкондан озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга сигарет ҳам танласа, кассадаги нақд тўлов имконияти сигарет учун ёпиқ бўлади. Бу эса, сигаретни фақат карта орқали сотиб олиш мумкинлигини англатади.
Агар харидор чекдан сигаретни чиқарса, қолган маҳсулотлар учун нақд пулда тўлаш имконияти яна фаоллашади. Шу билан бирга, нақдсиз тўлов усули барча товарлар учун доим очиқ бўлиб қолади.
Нима учун бу тартиб жорий этилди?
Мутахассислар фикрича, бундай чекловлар иқтисодиётни “соядан чиқариш” ва солиқ тушумларини оширишга хизмат қилади. Яъни, барча операциялар расмий тарзда қайд этилиб, молиявий шаффофлик кучаяди.
Шунингдек, бу чора орқали айрим товарлар айланмаси устидан назоратни кучайтириш ҳам мақсад қилинган. Айниқса, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари бозорида тартиб ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайси соҳаларда мажбурий бўлади?
Янги қоидалар нафақат дўконларда, балки бошқа соҳаларда ҳам амал қилади. Хусусан:
- коммунал тўловлар
- ёқилғи қуйиш шаҳобчалари
- электромобиль зарядлаш нуқталари
Шунингдек, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган айрим тоифадаги автомобилларни олди-сотдиси ҳам фақат нақдсиз шаклда амалга оширилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!