date

Ўзбекистон Сенати судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштирди

Ўзбекистон Сенати судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштирди

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилишни енгиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжат Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга муҳим ўзгартиришларни назарда тутади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Қонундаги энг асосий янгиликлардан бири — экстерриториал судлов тартибининг жорий этилишидир. Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзлари истаган ҳудуддаги тегишли судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, маъмурий судларда “дастлабки эшитув” институти жорий этилиб, бу суд ишларини кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.

Ҳужжатда давлат органларининг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи мустаҳкамланмоқда: эндиликда давлат органининг хатоси учун тадбиркор эмас, балки ўша органнинг ўзи жавобгар бўлади.

Иқтисодий судлар тизими ҳам мақбуллаштирилиб, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ўрнига туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилмоқда. Сенат аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонун инвестиция муҳитини яхшилаш, коррупцион омилларни камайтириш ҳамда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон Сенати судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштирди