Алифбодаги «Ў», «Ғ», «Ш» ва «Ч» ҳарфларини ўзгартириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартиришга доир қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида қабул қилинди. Депутатлар маъқуллаган ҳужжат кўриб чиқиш учун парламентнинг юқори палатасига юборилди, деб хабар беради Uz24.uz.
Лойиҳа амалдаги алифбонинг таркиби ва айрим ҳарфларнинг ёзилиш шаклини янгилашни назарда тутади. Ҳозирги алифбо 26 та ҳарф ва учта ҳарф бирикмасидан иборат.
Таклиф этилаётган янги тартибда алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан ташкил топиши белгиланмоқда. «Ў» ва «Ғ» ҳарфлари, шунингдек, «Ш» ва «Ч» товушларининг ёзилиши ўзгартирилиши режалаштирилган.
Амалдаги алифбодаги «Нг» ҳарф бирикмасини алоҳида алифбо бирлиги сифатида чиқариб ташлаш таклиф қилинган. Бундан ташқари, айрим ҳарфларни ёзиш ва қўллаш билан боғлиқ қоидаларга аниқлик киритилиши мумкин.
Муҳокамаларда депутатлар ислоҳотни бирданига эмас, босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини қайд этган. Шу асосда қонун кучга киришидан олдин берилган паспорт, гувоҳнома ва бошқа расмий ҳужжатлар ўз амал қилиш муддатини сақлаб қолади.
Муомаладаги пуллар, қимматли қоғозлар, давлат идораларининг рамзлари, пешлавҳалари ва кўрсаткичларини ҳам зудлик билан алмаштириш талаб этилмайди. Улардан белгиланган муддатга қадар фойдаланиш мумкин бўлади.
Бу тартиб ташкилотлардаги ҳужжатлар, бланклар ва бошқа воситаларни бир вақтнинг ўзида қайта тайёрлаш заруратини бартараф этади. Натижада алифбо ислоҳотини жорий этиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш кўзда тутилган.
Ҳужжат Сенат томонидан маъқулланиб, кейинги қонуний жараёнлардан ўтганидан сўнг кучга кириши мумкин.































Изоҳлар 0
…