Энди бу вақтда шовқин қилиш мумкин эмас: янги тартиб белгиланди

Ўзбекистонда фуқароларнинг тунги осойишталигини таъминлашга қаратилган янги тартиб белгиланди. Унга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача фуқаролар тинчлигини бузадиган шовқин чиқаришга йўл қўйилмайди.
Мазкур тартиб 9 сентябрь куни қабул қилинган “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.
Қонунга кўра, инсонни сезиларли даражада безовта қилмайдиган ва унинг организмида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмайдиган, санитария қоидалари ва нормаларида белгиланган шовқин даражаси йўл қўйиладиган меъёр ҳисобланади.
Фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузувчи шовқинлар қаторига турар жойларда маиший фаолият, қурилиш ишлари, қурилиш техникаси ва транспорт воситалари, шунингдек, турли транспортларнинг ҳаракати натижасида юзага келадиган шовқинлар ҳам киритилган.
Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси белгиланган.
Шунингдек, шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд орқали компенсация талаб қилиш мумкин.
Янги қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.






























Изоҳлар 0
…