Энди ҳамма ҳам грин-карта ололмайди

USCIS АҚШда вақтинчалик виза билан яшаб турган хорижликлар учун грин-карта олиш қоидалари янгиланганини маълум қилди. Янги тартибга кўра, энди ариза берувчиларнинг катта қисми мамлакат ичида эмас, балки АҚШ ташқарисида туриб расмийлаштириш жараёнидан ўтишига тўғри келади.
Маълум қилинишича, АҚШ ҳудудида туриб мақомни ўзгартириш учун ҳужжат топшириш фақат айрим истисно ҳолатлардагина амал қилади. Қолган ҳолатларда эса вақтинчалик визада юрган хорижликлар ўз давлатига қайтиб, АҚШнинг хориждаги консулликлари орқали жараённи давом эттириши лозим бўлади.
Янги қоидалар талабалар, сайёҳлар ҳамда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан юрган шахсларга ҳам тегишли экани айтилди. USCIS таъкидлашича, ноиммиграцион виза орқали АҚШда бўлиш автоматик тарзда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш босқичига айланмаслиги керак.
Идора вакили Зак Кахлернинг сўзларига кўра, янги тизим грин-карта рад этилганидан кейин мамлакатда ноқонуний қолиб кетувчилар сонини қисқартиришга ёрдам беради.
Шунингдек, USCIS ушбу ўзгаришлар иммиграция тизимидаги юкламани енгиллаштириши, фуқароликка аризалар ҳамда зўравонлик ва одам савдоси қурбонлари учун визалар масаласига кўпроқ эътибор қаратиш имконини беришини билдирди.
Янги сиёсат мигрантлар ва ҳуқуқшунослар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик қонуний асосда АҚШда яшаётганлар учун ҳам грин-карта олиш жараёни янада мураккаб ва узоққа чўзилишидан хавотир билдирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!