Ноқонуний миграцияни ташкил этганлар 15 йилгача қамалиши мумкин

Ўзбекистонда ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва унга кўмаклашиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Миграция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, Жиноят кодексига 223-1-модда — “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” киритилиши мумкин. Унга биноан, қонунда белгиланган тартибни бузган ҳолда моддий манфаат кўзлаб ноқонуний миграцияни уюштириш, шунингдек, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга ноқонуний олиб кириш, давлат чегараси орқали ўтказиш, хорижга чиқариш ёхуд Ўзбекистон ҳудуди орқали бошқа давлатга ноқонуний транзитини ташкил этиш, бошқариш ёки бундай фаолиятга ёрдам бериш учун жавобгарлик белгиланади.
Бундай қилмишлар, жумладан, ноқонуний мигрантларни транспорт воситаси ёки яшаш жойи билан таъминлаш орқали амалга оширилса, айбдор шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки қамоқ жазосига тортилиши мумкин.
Агар жиноят йирик миқдорда, бир гуруҳ шахс томонидан, мансабдор шахс иштирокида, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши таклиф этилмоқда.
Ноқонуний миграция билан боғлиқ ҳаракатлар ўта йирик миқдорда амалга оширилса, инсон ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирувчи усуллардан фойдаланилса ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Мутасаддиларга кўра, мазкур ташаббус ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашни кучайтириш, бундай ҳолатлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси ҳозирча якуний қабул қилинган ҳужжат эмас. У бўйича жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 8 сентябргача давом этади.






























Изоҳлар 0
…