Тошкент шаҳрининг Сергели туманида сунъий кўл ва дам олиш маскани қурилмоқда

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Қумариқ маҳалласида сунъий кўл, болалар майдончалари ва дам олиш айвонларини ўз ичига олган янги маскан барпо этилмоқда. Лойиҳани 2026 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, дам олиш ҳудудининг умумий майдони 5 гектарни ташкил этади. Шундан 17 минг квадрат метр қисми сунъий сув ҳавзаси учун ажратилган. Кўл атрофида барбекю зоналари ташкил этилиб, ҳудудга қуёш панеллари ҳам ўрнатилади. Сув сифатини сақлаш мақсадида филтрлаш ва озонлаш тизимлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, ўтказилган геологик тадқиқотлар ҳудуднинг қурилиш учун яроқли эканини тасдиқлаган. Ҳозирга қадар лойиҳадаги асосий ишларнинг 30 фоиздан ортиғи бажарилган. Айни пайтда қурувчилар конструкцияларни арматуралаш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, таянч деворини қуриш ишларини олиб бормоқда.
Режага кўра, ноябргача қарийб 800 метр узунликдаги деворни қуриб битказиш ҳамда сунъий кўл учун қазилган чуқурликдан тупроқни тўлиқ олиб чиқиш мўлжалланган.
Янги дам олиш маскани ҳудуддаги чанг миқдорини камайтириш ва микроиқлимни яхшилашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Лойиҳа Тошкентнинг барча туманларида сунъий кўллар ташкил этиш дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Қурилиш якунлангач, Қумариқ маҳалласи аҳолиси ва шаҳарнинг бошқа фуқаролари учун ҳордиқ чиқариш, болалар билан вақт ўтказиш ҳамда очиқ ҳавода дам олиш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда.































Изоҳлар 0
…