Ричард Гир Трамп ҳақида кескин фикр билдирди

Голливуд юлдузи Ричард Гир Норвегиянинг Осло шаҳрида бўлиб ўтган Озодлик форуми (Oslo Freedom Forum) доирасида венесуэла-норвегиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Тором Ҳалворссен билан суҳбатда сиёсат, эркинлик ва инсоният келажагига доир қарашлари билан ўртоқлашди.
Актёр ўз нутқида бугунги дунёдаги вазиятдан хавотирда эканини билдириб, жамиятнинг сиёсий жараёнларга нисбатан бепарволиги жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, одамлар кўп ҳолларда муҳим воқеаларга етарлича эътибор қаратмайди ва бу эса турли хавфли жараёнларнинг кучайишига сабаб бўлади.
Ричард Гир, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳақида ҳам кескин фикрлар билдирган. Актёрнинг таъкидлашича, у атрофидаги инсонларни Трампнинг чиқишлари ва сиёсий фаолияти ҳақида огоҳлантириш учун етарлича ҳаракат қилмаганини ҳис қилади.

Унинг сўзларига кўра, Трамп президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ аввалги маъмурият ва жамият томонидан яратилган кўплаб ижобий натижаларни бекор қилишга киришган. Шу муносабат билан актёр одамларни ҳушёр бўлишга чақириб, демократия ва эркинликка таҳдид солувчи жараёнларга бефарқ қарамаслик лозимлигини таъкидлади.
“Олтин глобус” мукофоти соҳиби Германиядаги собиқ фашистлар концлагери — Дахауга қилган ташрифи ҳақида ҳам сўз юритди. Унинг айтишича, мазкур сафар давомида немис жамияти ва давлат тизимидаги ўзгаришлар қанчалик тез содир бўлгани ҳақидаги маълумотлар унда катта таассурот қолдирган.
Актёр тарихдан сабоқ чиқариш муҳимлигини таъкидлар экан, жамият бепарво бўлиб қолса, эркинлик ва қадриятларни жуда тез йўқотиб қўйиши мумкинлигини қайд этди. Шу билан бирга, у одамларни ўз атрофида содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмасликка ва фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чақирди.





























Изоҳлар 0
…