Барселона Ламине Ямал борасида Испания терма жамоасига қаршилик қила олмайди

Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуенте ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг илк туридан ўрин олган Капе-Вердега қарши ўйин олдидан Ламине Ямалнинг ҳолати ҳақида маълумот берди. Барселона юлдузи яқинда тиззасидаги жароҳатидан фориғ бўлган бўлса-да, терма жамоа уни турнирнинг очилиш учрашувида майдонга туширишга тайёр. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб миқёсида бир неча ҳафтани ўтказиб юборган 18 ёшли вингернинг жисмоний ҳолати Барселона раҳбариятини хавотирга солмоқда. Бироқ Луис де ла Фуенте ёш иқтидор эгасининг соғлиғи борасидаги хавотирларни рад этди. Мураббийнинг таъкидлашича, Ямал ҳозирча 90 дақиқа ўйнашга тайёр бўлмаса-да, учрашувнинг маълум бир қисмида жамоасига ёрдам бера олади.
"У душанба кунги баҳсда иштирок этишга тайёр. Биз вазиятни баҳолаймиз. Футбол — бу хавфли фаолият, жароҳатни 3 дақиқада ҳам, 90 дақиқада ҳам олиш мумкин. Биз футболчилар соғлиғини ўйлаймиз, лекин Жаҳон чемпионатида биринчи ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳам унутмаслигимиз керак", — деди Испания устози Чаттаноогадаги матбуот анжуманида.
Одатда клублар халқаро танаффуслар вақтида ўз юлдузларининг майдондаги дақиқаларини назорат қилишга уринишади, бироқ Жаҳон чемпионати вақтида қоидалар бошқача ишлайди. Барселона ва Испания қироллик футбол федерацияси (РFEФ) ўзаро мулоқотда бўлиб турганига қарамай, якуний қарорни фақат терма жамоа мураббийлар штаби қабул қилади.
Шу тариқа, Ханси Флик ва Барселона раҳбарияти Ламине Ямалнинг майдонга тушишига тўсқинлик қилиш борасида ожиз қолмоқда. Луис де ла Фуенте ўз қарори қатъий эканини ва душанба кунги баҳс учун таркибни танлашда мутлақ ваколатга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.






























Изоҳлар 0
…