Ральф Рангник Милан таклифини рад этиб, Австрия билан шартномани узайтирди

Ральф Рангник ўз келажаги борасидаги барча миш-мишларга нуқта қўйиб, Австрия терма жамоаси билан янги шартнома имзолади. Италиянинг Милан клуби томонидан билдирилган жиддий қизиқишга қарамай, тажрибали мутахассис 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин ҳам терма жамоани бошқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Австрия футбол федерацияси (ЁФБ) учун ушбу келашув кутилмаган ва муҳим янгилик бўлди. Янги битимга кўра, Рангник камида 2027-йил якунига қадар ўз лавозимида қолади. Агар Австрия Евро-2028 турнирига йўлланмани қўлга киритса, шартнома автоматик тарзда мусобақа якунига қадар узайтирилади. Бу қарор Сан Сирода янги лойиҳани бошлашни режалаштирган Милан раҳбарияти учун кутилмаган зарба бўлди.
Манчестер Юнайтед собиқ мураббийи май ойи охирида Вена шаҳрида Милан расмийлари билан учрашган эди. Бироқ, Рангник А Серияга қайтишдан кўра, терма жамоадаги барқарорликни афзал кўрди. Музокаралар давомида мураббий нафақат маош, балки профессионал иш муҳитини яхшилаш ва махсус техник штаб шакллантириш шартларини ҳам қўйган ва федерация буни қабул қилган.
Рангник 2022-йилда жамоани қабул қилиб олганидан бери Австрия футболини тубдан ўзгартирди. Евро-2024 турнирида Туркияга мағлуб бўлганига қарамай, унинг статистикаси ҳайратланарли: 45 ўйинда 27 ғалаба ва 8 дуранг. Унинг ҳар бир ўйинда ўртача 1.98 очко тўплаши 1945-йилдан бери Австрия мураббийлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир.
Ҳозирда Австрия терма жамоаси ўз майдонида кетма-кет 14 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бу миллий рекорд ҳисобланади ва жамоанинг Шимолий Америкадаги Жаҳон чемпионати олдидан руҳий ҳолати юқори эканлигидан далолат беради.






























Изоҳлар 0
…