18:17 / 10.02.2025
638

Данияда Калифорнияни триллион долларга сотиб олиш учун петиция бошланди

Данияда Калифорнияни триллион долларга сотиб олиш учун петиция бошланди
Фото: iStock
АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландия оролини Даниядан сотиб олиш ҳақида бир неча бор гапирганди. Данияда бунга жавобан АҚШдан Калифорнияни триллион долларга сотиб олиш таклифи билан петиция бошланди, деб ёзмоқда Дарё.

Петиция Денмаркифиcатион ташаббускор гуруҳи томонидан тайёрланган. Калифорниянинг афзалликлари сирасига йил давомида иссиқ бўлиши, технологик мутахассислар кўплиги, АҚШдаги авокадоларнинг 90 фоизи у ерда ишлаб чиқарилиши киритилган. Петиция аллақачон 200 мингга яқин имзо тўплаган. Унинг муаллифлари Диснейленд номини “Ҳанс Кристиан Адерсенленд” деб ўзгартиришга ваъда бермоқда.

Трамп нима учун Калифорнияни сотиши мумкин, деган саволга петиция муаллифлари қуйидагича жавоб берган:

Келинг, очиғини айтайлик — Трамп Калифорнияни унчалик хуш кўрмайди. У Калифорнияни “энг хароб штат” деб атаган ва йиллар давомида унинг раҳбарлари билан жанжаллашиб келган. Ишончимиз комилки, у муқобил нарх эвазига ундан воз кечишга тайёр бўларди, дейилади изоҳда.

Харид учун маблағ йиғиш ихтиёрий хайриялар орқали таклиф этилади. Ҳозирча умумий суммадан қанча пул йиғилгани номаълум, бироқ Калифорниянинг Дания таркибига кириши ҳақидаги петицияни 200 мингга яқин киши имзолаган.

Трамп Калифорнияни сотиши мумкин, чунки у ҳақида бир неча бор ножўя фикрлар билдирган, дейди муаллифлар.
АҚШ президенти Гренландияни ўзлаштирмоқчи

Трамп бир неча бор Гренландия АҚШ таркибига кириши кераклигини айтганди. У орол миллий хавфсизлик ва ҳимоя учун, жумладан, Хитой ва Россиядан ҳимояланишда стратегик аҳамиятга эгалигини айтган. Гренландия бош вазири Муке Эгеде бунга жавобан орол “ҳеч қачон сотилмайди” деб жавоб берган. Шу билан бирга, у орол Даниядан мустақилликка эришмоқчи эканини тан олган. У Трамп билан айрим масалаларни муҳокама қилишга тайёр.

Bloomberg манбаларига кўра, Трамп жамоаси Гренландия билан қизиқишган, чунки оролда электрон қурилмаларда ишлатиладиган олтин, олмос, уран ва нодир металларнинг катта захиралари мавжуд. Қироллик АҚШ президентининг даъволари фонида Гренландия мудофаасига 14,6 миллиард крона (2,05 миллиард доллар) сармоя киритишга қарор қилди. Маблағ вертолёт ва дронларни таший оладиган учта янги Арктика кемасига сарфланади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг