Хитойлик эркак томоғида саккиз йил металл таёқча билан яшади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойлик 46 ёшли Ван исмли эркак саккиз йил давомида томоғида қолиб кетган 12 сантиметрлик металл чўп билан яшади.
- Яқинда кучли оғриқлар сабаб шифохонага мурожаат қилган бемор, доктор Хуан Вейпен бошчилигидаги тиббиёт ходимлари томонидан оғиз орқали амалга оширилган кам жароҳатли жарроҳлик усули билан ушбу бегона жисмдан халос бўлди.
- Шифокорлар бундай ҳолатларда дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлаб, жамоатчиликни огоҳлантирди.
Хитойнинг Далянь шаҳрида яшовчи 46 ёшли эркак томоғида қолиб кетган 12 сантиметрлик металл чўп билан саккиз йил яшаган. Яқинда кучли оғриқ сабаб шифокорларга мурожаат қилган эркак ниҳоят бегона жисмдан халос бўлди. Бу ҳақда Далянь шаҳар марказий шифохонаси хабар берди.
Ван исмли бемор томоғидаги кучли оғриқ ва бегона жисм бордек сезилишидан шикоят қилган. Рентген текширувида шифокорлар унинг томоғида 12 сантиметрлик металл буюм борлигини аниқлашган. Эркак эса саккиз йил аввал овқатланаётганда металл чўпни тасодифан ютиб юборганини айтган.
Ҳодисадан кейин унинг бўйнида бўғилиш ҳисси ва вақти-вақти билан томоқ оғриғи кузатилган, бироқ нафас олиши қийинлашмаган. Шифокорлар дастлаб ноқулайликни енгиллаштиришга ҳаракат қилишган. Аммо чўпни олиб ташлаш учун бўйинни кесиш талаб этилгани ва операция хавфлари борлиги сабаб Ван жарроҳликдан воз кечган.
Кейинги саккиз йил давомида у вақти-вақти билан сезиладиган енгил оғриққа кўникиб яшаган. Бироқ яқинда, айниқса, эрталаблари томоғи қаттиқ оғрий бошлаган. Оғриқ қолдирувчи дорилар ҳам ёрдам бермагач, у шифохонага шошилинч мурожаат қилган.
Шифокорлар металл чўпни кесмасдан олиб ташлади
Текширувда бегона жисм атрофида яққол яраланиш, қон кетиши ёки йиринглаш аниқланмаган. Бироқ металл чўп томоқ тўқималарини шикастлаши, шунингдек, яқиндаги қон томирлари ва шиллиқ қаватларга зарар етказиши мумкин эди.
Доктор Хуан Вэйпэн бошчилигидаги тиббиёт ходимлари бўйинни кесиш ўрнига, оғиз орқали амалга ошириладиган кам жароҳатли жарроҳлик усулини танлашган. Натижада 12 сантиметрлик зангламайдиган пўлат чўп бутун ҳолда олиб ташланган.
Бир неча кунлик кузатувдан сўнг беморнинг томоғидаги оғриқ ва ноқулайлик тезда камайган, шиллиқ қаватдаги қон димланиши ҳам аста-секин пасайган.
Шифокорлар аҳолини огоҳлантирди
Шифохона ушбу ҳолатни жамоатчилик учун огоҳлантирувчи мисол сифатида эълон қилган. Мутахассислар бегона буюм тасодифан ютиб юборилса ёки танага кириб қолса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Бундай жисмнинг организмда узоқ вақт қолиши атрофдаги тўқималарни шикастлаши ва хавфли асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Ваннинг ҳолати эса дастлаб енгилдек кўринган муаммони эътиборсиз қолдириш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди.






























Изоҳлар 0
…