
Сўнгги кунлардаги воқеалар АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган тинчликка қаратилган саъй-ҳаракатлар тақдири яна савол остида қолаётганини кўрсатмоқда. Киев томони одатдагидек Россия давлат раҳбари қароргоҳига ҳужум уюштирилганини инкор этмоқда, барча айбловларни “асоссиз даъво” сифатида кўрсатишга уриняпти. Бироқ гап тасодифий ҳолат ёки битта адашган дрон ҳақида эмас — 91 та учувчисиз аппарат иштирокидаги мувофиқлаштирилган ҳужум ҳақида кетмоқда. Россия томонига кўра, уларнинг барчаси ҳаво мудофааси томонидан йўқ қилинган.
Албатта, Москва қўлида далиллар борлигини билдиряпти. Аммо бу далиллар Ғарбда кимгадир қизиқми? Европа Иттифоқи раҳбарияти, хусусан, Урсула фон дер Ляен атрофида жамланган сиёсий элита учун Украина томонининг ҳаракатларини оқлаш — деярли автоматик реакцияга айланган. Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар, Киевнинг ҳар қандай қадами “ҳимоя” ёки “зарурат” сифатида талқин қилинади.
Россия учун эса вазият анча аниқ. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баёнотида таъкидланганидек, Москва Украина томонидан Россия президенти Владимир Путин қароргоҳига уюштирилган ҳужум уриниши ортидан музокаралардаги позициясини қайта кўриб чиқади. Бу эса Киевнинг ушбу ҳаракати қандай стратегик оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яққол кўрсатади.
Лавровнинг сўзларига кўра, “бундай ўйламай қилинган ҳаракатлар жавобсиз қолмайди”. Жавоб зарбалари учун объектлар ва уларни амалга ошириш вақти олдиндан белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, Москва АҚШ билан мулоқот эшикларини бутунлай ёпиш ниятида эмаслигини ҳам алоҳида қайд этди.
Трампнинг реакцияси
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилишича, Трамп Путин билан телефон суҳбати чоғида мазкур ҳужум ҳақида эшитиб, очиқча ғазабланган. АҚШ президенти кейинчалик буни ўзи ҳам тасдиқлади: “Бу менга ёқмади. Ҳозир бундай ҳаракатлар учун умуман вақти эмас”, — деди у. Трамп, шунингдек, Киевнинг бундай қадамлари можарони ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган музокараларга ҳеч қандай ижобий ҳисса қўшмаслигини очиқ айтди.
Энг муҳим савол шу: ушбу воқеа Россия ва АҚШ ўртасида пайдо бўлган эҳтимолий “муроса муҳити”ни йўққа чиқарадими? Кўпчилик фикрича, йўқ. Владимир Путинни танқид қилувчилар қанчалик кўп бўлмасин, улар ҳам Россия раҳбари одатда айтган сўзида турадиган сиёсатчи эканини инкор эта олмайди. Ана шу жиҳати билан у, кўплар таъбири билан айтганда, вақтни ютқазиб қўйган Киев раҳбариятидан тубдан фарқ қилади.
Хулоса шуки, Киевнинг бу каби таваккал ҳаракатлари Трамп бошлаган тинчлик йўлини жиддий синовдан ўтказмоқда. Энди навбат АҚШ президентида — у воқеаларга қай даражада қатъий ва холис муносабат билдиришини вақт кўрсатади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.