Трамп Путинни нега «дўстим» деб атаганини изоҳлади

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия етакчиси Владимир Путинга нисбатан кескин муносабат билдиришдан нега тийилаётганини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, Украинадаги урушни тўхтатиш ва томонлар ўртасида келишувга эришиш учун етакчилар ўртасида мулоқот сақланиб қолиши муҳим. Шу боис у Путин билан муносабатларда кескинликни кучайтиришни истамаяпти.
26 ноябрь куни журналистлар Трампдан нима сабабдан Путинни «дўстим» деб атагани ҳақида сўради. АҚШ президентининг фикрича, давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ адоват ва бир-бирига нисбатан салбий муносабат музокаралар жараёнини анча мураккаблаштириши мумкин.
«Мен унга “Сен менга ёқмайсан!” дейишим мумкин эди. Шунда Путин ва Зеленский ўртасидаги муаммо биз билан ҳам юзага келарди. Бу можарони ҳал қилишдаги энг катта қийинчилик — икки етакчининг бир-бирига нафрати», — деди Трамп.
Шунингдек, журналистлардан бири АҚШ президентининг аввалроқ Россиянинг Европа ҳудудларига нисбатан ҳарбий тажовузи ҳақида кескин фикрлар билдирганини эслатди. Бунга жавобан Трамп Россияга нисбатан аввалдан нафақат баёнотлар орқали, балки амалий ҳаракатлари билан ҳам қатъий позицияда бўлиб келганини таъкидлади.
«Оҳангим кескинлашганини билмайман. Мен Россияга нисбатан жуда қаттиққўл бўлиб келганман. Аммо келишувга эришмоқчиман», — деди АҚШ президенти.
Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни Хитойда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида Дональд Трамп Владимир Путин билан учрашган эди. Учрашув бошида АҚШ президенти Россия етакчисини «дўстим» деб атаган. Кейинчалик эса Путин билан қучоқлашиб турган суратини ижтимоий тармоқда эълон қилиб, унга «Менинг дўстим» деган изоҳни қолдирган.
Матбуот анжумани давомида Трампдан Путин бутун АҚШнинг ҳам дўсти ҳисобланадими, деб сўрашди. Америка етакчиси бу саволга жавоб берар экан, бутун мамлакат номидан фикр билдириш ваколатига эга эмаслигини айтди. Бироқ шахсан ўзи Россия президенти билан жуда яхши муносабатда эканини таъкидлади.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…