Evergrande асосчиси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Evergrande асосчиси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Хитой суди мамлакатнинг йирик кўчмас мулк компанияларидан бири — Evergrande асосчиси Ҳуи Ка Янни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Миллиардер Ху Жиайин номи билан ҳам танилган.

Шенчжен шаҳар халқ суди уни маблағ жалб қилишда фирибгарлик, маблағлардан ноқонуний фойдаланиш, ноқонуний кредитлар, қимматли қоғозлар билан боғлиқ фирибгарлик ва пора олиш каби саккизта молиявий жиноятда айбдор деб топди. Суд Ҳуи Ка Яннинг барча шахсий мол-мулкини мусодара қилишга ҳам қарор қилди.

Суд қарорига кўра, Evergrande ва унинг Hengda Real Estate шўъба корхонаси жами 15,82 миллиард юань — қарийб 2,35 миллиард доллар миқдорида жаримага тортилган. Иш доирасида Hui Ka Yan билан боғлиқ яна 56 киши ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Айрим собиқ раҳбарларга 18 йилгача қамоқ жазоси берилган.

Ҳуи Ка Ян 2017 йилда Evergrande акциялари кескин қимматлашиши ортидан бойлигини 45,3 миллиард долларга етказиб, Осиёнинг энг бадавлат одами бўлган.

Бироқ компаниянинг қарзга асосланган агрессив ўсиш модели кейинчалик оғир инқирозга олиб келди. Evergrande мажбуриятлари 300 миллиард доллардан ошиб, 2021 йилда дефолтга учради. 2024 йилда эса компанияни тугатиш жараёни бошланди.

Шу тариқа бир вақтлар Осиёнинг энг бой одами бўлган Ҳуи Ка Яннинг бизнес империяси қулаши билан якунланди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар