Қозоғистонда стоматолог қабулидан сўнг уч яшар қиз комага тушди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида уч яшар қизча стоматологик муолажадан сўнг оғир аҳволда комага тушди.
- Қариндошларининг таъкидлашича, бола нафас олишда қийналганига қарамай, шифокор муолажани тўхтатмаган ва тез ёрдам чақиришда кечикиш юз берган.
- 2023 йилда туғилган бемор айни пайтда реанимацияда сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ҳолда даволанмоқда.
- Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида уч яшар қиз стоматолог қабулидан кейин комага тушди. Қариндошларининг айтишича, бола тишларини даволатиш пайтида нафас олишда қийналганига қарамай, шифокор муолажани давом эттирган. Айни пайтда шифокорлар уч кундан буён қизчанинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Боланинг қариндошлари маълум қилишича, стоматологик муолажа вақтида қизчанинг аҳволи кескин ёмонлашган. Унинг холаси ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида боланинг кўзлари киртайиб, нафас олиши бузилганини айтган. Бироқ унинг сўзларига кўра, шифокор муолажани тўхтатмаган.
«Онаси қизига нимадир бўлаётганини айтиб бақирганида, шифокор бу ҳолат ўтиб кетишини айтган», — дейди аёл.
Унинг таъкидлашича, она тез ёрдам чақиришни сўраган, аммо шифокор бу илтимосга дарҳол эътибор қаратмаган.
«Опам йиғлаганидан кейин қўшни хонадаги ҳамшира тез ёрдам чақирди. Бола ҳушини йўқотган, оғзидан кўпик чиққан. Шифокор эса тиббий ёрдам кўрсатмасдан, четга чиққан ва болага ёрдам беришга ҳаракат қилмаган. Натижада қимматли вақт бой берилган. Қизга қандай муолажалар ўтказилгани ва унга қандай дори юборилгани номаълум», — дея ҳикоя қилган у.
Қариндошининг сўзларига кўра, қизчани шифохонага олиб кетаётган вақтда унинг юраги тўхтаб қолган. Иккинчи марта юрак тўхташи эса шифохонада содир бўлган.
«Бола уч кундан бери реанимацияда, ҳушсиз ва кома ҳолатида», — деб қўшимча қилган павлодарлик аёл.
Павлодар вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам қизчанинг аҳволи ўта оғир эканини тасдиқлади. Расмий маълумотга кўра, 2023 йилда туғилган бола 21 октябрь куни шифохонага олиб келинган. У қабул бўлимида ушлаб турилмасдан, тўғридан тўғри реанимацияга ётқизилган.
Қизча сунъий нафас олдириш аппаратига уланган бўлиб, унга интенсив терапия муолажалари кўрсатилмоқда. Шунингдек, Она ва бола миллий илмий маркази ҳамда Миллий илмий кардиожарроҳлик маркази мутахассислари билан телетиббиёт орқали маслаҳатлашув ўтказилган. Унда беморни даволаш тактикаси ва кейинги тиббий чоралар келишиб олинган.
Стоматология клиникаси нима деди?
Қизча даволанган стоматология клиникаси юз берган воқеа юзасидан муносабат билдириб, беморлар хавфсизлиги ва тиббий хизмат сифати улар учун устувор аҳамиятга эга эканини маълум қилди.
«Барча муолажалар тиббий протоколларга қатъий мувофиқ равишда ўтказилади. Ҳозирда вазиятнинг барча объектив ҳолатлари ва сабабларини аниқлаш учун расмий текширув олиб борилмоқда. Текширув якунланмагунча клиника ходимларининг айби ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта», — дейилади клиника баёнотида.
Клиника вакиллари, шунингдек, нотўғри маълумот тарқатиш ва туҳмат учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганини эслатган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда. Текширув натижалари асосида воқеага ҳуқуқий баҳо берилади. Шунингдек, бошқарма мазкур клиника давлат буюртмаси доирасида тиббий хизматлар кўрсатишини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…