Оддий дори аёлни комага туширди ва танасининг 95 фоизини зарарлади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШда яшовчи 36 ёшли Халиаҳ Шав биполяр бузилиш ташхиси билан нотўғри буюрилган Ламотригине препаратини қабул қилгач, Стивенс–Жонсон синдроми сабабли 37 кун комада ётди ва танасининг 95 фоиз қисми жиддий зарарланди.
- Кейинчалик 2025 йил июл ойида тиш инфексияси учун буюрилган Амохисиллин антибиотиги ҳам аёлда яна оғир аллергик реаксияни келтириб чиқарди.
АҚШда яшовчи 36 ёшли Khaliah Shaw оддий дори воситасини қабул қилганидан сўнг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган оғир касалликка чалинди. Унинг териси кўчиб туша бошлади, танасининг 95 фоиз қисми жиддий зарарланди. Орадан йиллар ўтиб эса антибиотик қабул қилганида худди шундай ҳолат яна такрорланишига сал қолди.
Khaliah магистратурада ўқиш билан бирга тўлиқ ва қўшимча иш жойида ҳам фаолият юритган. Катта юклама сабаб руҳий жиҳатдан қийналган аёл психиатрия марказига мурожаат қилди. У ерда унга биполяр бузилиш ташхиси қўйилиб, Lamotrigine препарати буюрилди.
Дори унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатган бўлса-да, бир неча ҳафтадан кейин танасида оғир асоратлар пайдо бўлди. Уйқудан уйғонганида кўзлари ва лаблари атрофидаги териси кўчиб тушаётганини кўрди. Кейинчалик унда Стивенс–Жонсон синдроми (SJS) — айрим дори воситаларига нисбатан организмнинг оғир реакцияси ривожлангани маълум бўлди.
2014 йил январь ойида бошланган касаллик дастлаб гриппга ўхшаш аломатлар билан намоён бўлган. Аёлнинг тана ҳарорати 40 даражагача кўтарилиб, бутун танасига тошмалар ва пуфакчалар тарқалган. Оқибатда у 37 кун комада ётган. Ҳушига келганида танасининг 95 фоиз қисми жиддий зарарланган эди.
Энг ачинарлиси, кейинги текширувларда Khaliahда биполяр бузилиш бўлмагани, демак, унга ушбу дори умуман буюрилмаслиги кераклиги аниқланган.
Аёл бу оғир синов ортда қолди, деб ўйлаган бир пайтда, 2025 йил июль ойида тиш инфекцияси сабаб яна муаммога дуч келди. Стоматолог унга Amoxicillin антибиотигини буюрди. Khaliah аввалги касаллиги ҳақида огоҳлантириб, бошқа даволаш усулини сўраган, аммо шифокор унинг аввалги реакциясини аллергия деб баҳолаган.
Натижада аёл икки кун давомида антибиотикни олти марта қабул қилди. Бироқ кўп ўтмай юзи шишиб, шиллиқ қаватларида таъсирланиш пайдо бўлди. У дорини қабул қилишни тўхтатиб, шошилинч ёрдам бўлимига борди.
«Танам ичкаридан ёнаётгандек эди. Худди қиздирилган соч турмаклагич ички аъзоларимни куйдираётгандек ҳис қилдим. Мен яна бир бор ўша даҳшатни бошдан кечиришни истамадим», — деди Khaliah Need To Know нашрига.
Унинг таъкидлашича, шифохонада ҳам хавотирлари етарлича жиддий қабул қилинмаган ва унга SJS билан боғлиқ огоҳлантиришлари мавжуд бўлган бошқа препаратлар таклиф қилинган. Аёл ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бу касаллик ҳақида тиббиёт соҳасида хабардорлик етарли эмаслигини таъкидлайди.
Кейинчалик инфекцияни даволаш учун унга бошқа антибиотикнинг пастроқ дозаси буюрилган. Шунингдек, Khaliah аввалги ҳолат юзасидан шифокор ва тиббий муассаса устидан судга мурожаат қилган. Аммо ўтган йили апелляция шикояти ҳам рад этилган. Маълумотларга кўра, бунга муассаса ва шифокорнинг давлат тизимига тегишлилиги ҳамда ҳуқуқий дахлсизлик қоидалари сабаб бўлган.
Ҳозирда у адолатга эришиш мақсадида GoFundMe платформаси орқали маблағ тўпламоқда.
«Ҳушимга келганимда ўзим танимайдиган танани кўрдим. Қайтадан юриш, овқатланиш ва ютишни ўрганишимга тўғри келди. Бутун ҳаётим бир зумда ўзгарди. Мен ҳеч қачон бу воқеадан тўлиқ тиклана олмадим. Судда ҳам адолат қарор топмади. Энг катта қўрқувим — яна бирор куни кимдир гапларимга қулоқ солмаслиги ва бунинг оқибати ҳаётим учун хавфли бўлиши», — деди у.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…