Саккизинчи қаватдан тушиб кетган бола тирик қолди

Саккизинчи қаватдан тушиб кетган бола тирик қолди

Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида бола саккизинчи қават баландлигидан тушиб кетиб, мўъжизавий тарзда омон қолди. У кўп қаватли уйнинг балконидан пастга қулаган. Бола ҳозир оғир аҳволда шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда Павлодар вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментига таяниб, Nur.kz хабар берди.

Бахтсиз ҳодиса 9 сентябрь куни тахминан соат 21:00 да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган бола хонадон балконида бўлган. У стулга чиқиб, дераза ёнига яқинлашган ва мувозанатини йўқотиб, саккизинчи қаватдан пастга тушиб кетган.

Қутқарувчилар маълумотига кўра, бола баландликдан қулаганига қарамай, тирик қолган. Бироқ унинг аҳволи оғир экани қайд этилган.

Павлодар вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, йил бошидан буён ҳудудда болаларнинг баландликдан қулаши билан боғлиқ олтита шундай ҳолат қайд этилган. Уларнинг иккитаси болаларнинг вафоти билан якунланган.

Мутахассислар ота-оналарни болаларни қаровсиз қолдирмасликка чақирмоқда. Айниқса, деразалари очиқ хоналар ва балконларда болаларни назоратсиз қолдириш хавфли экани таъкидланган.

Қутқарувчилар дераза ёнига бола чиқиб олиши мумкин бўлган мебель ва бошқа буюмларни қўймасликни тавсия қилмоқда. Шунингдек, деразаларга ишончли блокаторлар, панжаралар ёки очилишни чекловчи махсус мосламалар ўрнатиш зарурлиги эслатилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар