Қозоғистонда волейбол мураббийи мусобақа вақтида ёш спортчи қизга қўл кўтарди (видео)

Қозоғистонда волейбол мураббийи мусобақа вақтида ёш спортчи қизга қўл кўтарди (видео)

Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида волейбол мусобақаси вақтида мураббий вояга етмаган шогирдига нисбатан жисмоний куч ишлатди. Ҳодиса видеога тушиб, ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Маълумотларга кўра, воқеа 26 октябрь куни қизлар ўртасидаги волейбол мусобақасида содир бўлган. Чимкент шаҳридаги хусусий волейбол академияси мураббийи Ҳамит Мырзабеков ўйин вақтида ўз жамоасидаги ёш спортчи қизга қўл кўтарган. Видеода мураббий қизга яқинлашиб, унинг бошига ургани акс этган.

Ҳодиса юзасидан Қозоғистон миллий волейбол федерацияси интизомий чора кўрди. Дастлабки хабарларда мураббийнинг мусобақаларда иштирок этиши ва захира ўриндиғида бўлиши тақиқлангани айтилган. Кейинги маълумотларга кўра, федерация уни икки йилга дисквалификация қилган. Шунингдек, мусобақа ташкилотчиларига танбеҳ берилган ва жарима тайинланган.

Павлодар вилояти полицияси ҳодиса юзасидан вояга етмаган спортчига нисбатан жисмоний куч ишлатиш ҳолати бўйича терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди. Ҳодисага алоқадор шахслар полиция бўлимига олиб борилган, мураббийнинг ҳаракатларига қонунчилик асосида ҳуқуқий баҳо берилиши айтилган.

Қозоғистон миллий волейбол федерацияси спортда, айниқса, болалар ва ўсмирларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар