Қашқадарёда 3 ойлик чақалоқ шифохонада вафот этди: ҳолат юзасидан текширув бошланди

Қашқадарёда 3 ойлик чақалоқ шифохонада вафот этди: ҳолат юзасидан текширув бошланди

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида уч ойлик чақалоқ вафот этди. Ҳозирда унинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек, шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдам сифати юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, 15 октябрь куни чақалоқнинг оила аъзолари унинг безовталангани сабабли туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган. Шифокорлар дастлаб қизалоққа ичак яллиғланиши ташхисини қўйиб, шу асосда даволашни бошлаган.

Бироқ 19 октябрь куни боланинг аҳволи оғирлашган. У жонлантириш бўлимига ўтказилган, аммо шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай, вафот этган.

Чақалоқнинг яқинлари дастлабки ташхис ва унинг вафотидан кейинги тиббий ҳужжатларда қайд этилган маълумотлар ўртасида тафовут борлигини билдирган. Уларнинг айтишича, дастлаб ичак яллиғланиши ташхиси қўйилган бўлса, кейинчалик ҳужжатларда жигар циррози ва бош мияда суюқлик тўпланиши билан боғлиқ касалликлар қайд этилган.

Шунингдек, оила аъзолари чақалоқ шифохонада даволанган вақтда унга кучли таъсирга эга дори воситалари ва антибиотиклар берилганини айтмоқда. Улар мазкур ҳолат юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳайот Шамсуддиновнинг маълум қилишича, воқеага алоқадор тиббиёт ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Шунингдек, экспертлар гуруҳи тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширув ва экспертиза натижалари чақалоқнинг ўлими сабаблари ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида қонунбузилишларга йўл қўйилган-қўйилмаганига ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар