19:32 / 13.10.2018
4 694

Имомнинг маникен қизи (12-қисм)

Имомнинг маникен қизи (12-қисм)
Қизлар бошқа маникенлар билан танишар эдилар.

Бу дугонамиз Бурчин. Буниси эса Ўзлем Суслер. Австралиядан шу мусобақага қатнашиш учун келибди.

Фотима Ўзлем Суслер ҳақида эшитиб ҳайрон бўлиб қолди:

– Сиз нега Австралиядан бу ерга келдингиз? У ерларда ҳаёт анча яхшироқ эмасми?

– Албатта, бу ердагидан анча яхши, лекин мен юртимни соғиндим. Тўғрироғи, қизиқиб келдим. Биратўла омадимни ҳам синаб кўраман. Аммо бу ерга келиб, хафсалам пир бўлди. Ўқишимни давом эттираверсам бўлар экан, деб ўйлаб қолдим.

Улар суҳбатларини уйда давом эттирдилар:

– Бу ерда маникенлардан кўп нарса талаб қилинар экан. Эшитганларим ҳечам мени қувонтирмади. Аслида маникенларнинг кўпи бахтсиз эканлар, дер эди Ўзлем.

– Ҳечам-да, мен масалан ҳаётимдан мамнунман. Бизни мафтункор деб ўйлашгани учун эътибор ҳам кўпроқ берилади. Менга жуда кўп таклифлар тушади, – деди Бурчин лабини буриштириб.

Ўзлем саволини ичида тутиб тура олмади:

– Тушаётган таклифлар ғазабингизни қайнатмайдими?

– Нега жаҳлим чиқар экан? Ҳамманинг эътиборида бўлиш менга ёқади. Мени еб қўйишмайди-ку. Аллоҳнинг берганини яшириб нима қилдим.

Фотима гапга аралашмай тура олмади:

– Айтмоқчисизки, Аллоҳнинг бергани билан Аллоҳга қарши чиқмоқчиман…

Бурчин кулиб, фикрини айта бошлади:

– Йўқ, сиз менинг бу гапларимга эътибор берманг. Атеистман аслида. Унақа бўлмағур нарсаларга ишонмайман.

Фотимага бу гап жуда оғир ботган эди:

– Аллоҳга ишониш сизнинг назарингизда бўлмағур нарсами?

– Мен учун шунақа.

– Демоқчисизки, сиз ўз-ўзингиздан пайдо бўлиб қолгансиз, шундайми?

– Йўғ-е, унчалик оми эмасмиз-ку. Албатта мени ота-онам яратган.

Фотима анчадан бери фойдаланмаётган жавоҳирларини қўлга олди. Ўқиган китобидаги саволларни айнан сўрай бошлади.

– Унда нега ота-онангиз кўзларингни яшил ёки кўк рангда яратишмади? Нима уларга рангли кўзлар ёқмасмиди?

Бурчин кулиб дугоналарига қаради:

– Бу қиз нималар деяпти? – деди-да Фотимага ўгирилиб давом этди, - онам кўзларимнинг рангини қандай қилиб алмаштира олсин, ахир ҳомиладорлик пайтида кўзларимнинг бор-йўқлини ҳам билмас эди.

– Демак, сенинг яратилишингда онангнинг иштироки йўқ экан-да. Бу кўринишинг онангнинг меҳнати эмас экан. Онангни восита қилиб сени яратган бошқа Зот борлигини билдирмайдими булар?

Бу гапларни жон қулоғи билан тинглаётган ва таъсирланаётган инсон Лайло эди:

– Демет, сен жуда ажойибсан-да. Бирам чиройли гапирасан-ки, гапларингнинг ҳаммаси жуда тўғри.

Бурчиннинг юраги сиқилиб кетган эди:

– Бу нима сафсата?! Бугун отин бўлишга қарор қилганмисизлар? Бу гаплар энсамни қотиряпти. Ундан кўра қаерга боришимиз ҳақида гаплашайлик.

Бону эса тиниб-тинчимай дастурхон тузар, қанчалик эпчил қиз эканлигини исботлашга уринар эди.

Бечора Бону. Аллоҳга яқинлашиш туйғусидан узоқлашгани учун, энди бошқаларга фойдали бўлишга уринар эди. Бу муҳит ёшларимизни чиқиб бўлмайдиган ботқоқликларга итариб юборган эди.

Овқатланиб бўлишган, Ўзлем кетгач, қолганлар ўтириб суҳбатларида давом этишар эди:

– Менимча, бугун тунги клубга борганимиз яхши, - деди Нежла.

– Йўқ, келинглар казинога борамиз, - деди Бону.

– Йўқ, келинглар бугун дискотекага бориб маза қилиб кўнгилхушлик қиламиз, - деди Бурчин.

Лайлонинг овози чиқмаётган эди. У Бурчиннинг эски дугоналаридан бўлгани учун бу ҳолат унга ғайритабиий кўринар эди.

– Нима бўлди, жим бўлиб қолдинг, Лайло?

– Мен бормайман.

– Нима? Ўйин бузуқилик қилмагин. Бугун дам олиш учун йиғилмадикми?

Лайло бугун ўзига ўхшамас эди.

– Ҳеч нарса ёқмаяпти. Бугун уйда қолмоқчиман.

– Бу қиз яна эсини еб қўйибди. Уйда қолиб яна гиёҳванд модда қабул қиласанми? Ниятинг шу бўлса, дискотекада ҳам бор. Эсингдан чиқиб қолдими, у билан биринчи марта ўша ерда танишган эдик.

– Йўқ, ўша захарни энди оғзимга олмоқчи эмасман.

Бурчин нима дейишини билмай қолди:

– Охири бахайр бўлсин. Бу қизга нимадир бўляпти. Майли, биз тайёрланайлик.

Нежла Фотимага ўгирилиб сўради:

– Демет, сен тайёрмисан?

– Тайёрман... Анчадан бери дискотекага бормаган эдим. Яхши бўларди.

Фотима ёлғон гапирар эди. У ерга умуман бормаган, лекин ичида қизиқиши бор эди. Бирдан Лайло билан кўзлари тўқнаш келди. Лайло унга бирнималар деётгандай маъноли қарар эди. Аммо у ўзини билмаганга олиб, тайёргарлигини кўришда давом этди. Ҳамма уйдан чиққач, Лайло ўзи ёлғиз қолди.

Ичида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган туйғу бор эди. Бироз вақт ўтгач, кўнгли айниб, мазаси қочаётганини ҳис қилди. Анчадан бери захри қотилдан ичмаган эди. Ўшанинг таъсиримикан? – деб ўйлади.

У қатъий қарор қилган эди. Бошқа ичмайди. Фотима унга қаттиқ таъсир қилган эди. “Ўзингни ўлим домига отяпсан”. “Ёш жонингга раво кўрма буни” – деган эди. Гиёҳванд модда қабул қилиш катта гуноҳ эканлигини, хатто ичгандан сўнг кофир бўлиб, ўша ҳолда ўлиб кетганлар бўлганини айтган эди.

Кейин Фотима ҳақида ўйлаб қолди. Нега у дискотекага кетди экан?

Дискотека мияни захарламайдими? Ахир захри қотилга мен ўша ерда дучор бўлмадимми? Ўнлаб дугоналарим ўша ерда тузоққа илинмадиларми? Демет нега ундай қилди экан? Гуноҳ қилмаслик ҳақида гапиради-ю, лекин ўзи бунга амал қилмайди.

Орадан кўп ўтмай эшик қўнғироғи чалинди.

Лайло эшикни очгач рўпарасида Фотимани кўриб жуда севинди.

– Иее, Демет! Сен бормадингми?

– Йўқ, бормадим. Бора олмадим.

– Яхши қилибсан, мен ҳам энди сендан жахлим чиқаётган эди. Аллоҳга қарши чиқиш модасига сенинг ҳам қўшилганингга.. .

– Тўхта, тўхта. Бу гапни қаердан эшитдинг?

– Ўзим шунчаки айтдим-да.

– Қўйсангчи, бу гап сенинг сўзинг эмас. Кундалик ишлатиладиганлардан ҳам эмас. Бу гап илмли диндорнинг гапи.

– Йўғ-е, ошириб юбординг.

– Ростдан ҳам бу гап сенга тегишли эмас. Тўғрисини айт ёки бўлмаса сенинг отанг имоммиди?

– Нима деяпсан? Бунинг нима алоқаси бор? Бир китобда ўқиб қолгандим. Ёқиб қолди.

– Қачон ўқидинг?

– Неча кундан бери ўқияпман. Лекин кўп сахифа ўқий олмаяпман. Гиёҳвандликка дучор бўлганим учун бутун эътиборимни китобга қарата олмаяпман, аммо динимизга янаям қизиқиб қолдим. Айниқса охирги пайтларда.

Лайло ярим яланғоч кийимларни намойиш қилишга чиқадиган қиз эди. Бу гапларнинг унинг оғзидан чиқиши Фотимани ҳайратда қолдирди. Қизиқиб сўради:

– Бу қизиқишларинг сабабини билсам бўладими?

– Албатта, сендан беркитадиган нарсам бормиди? Сезган бўлсанг сўнги бир неча кундан буён уйда қоляпман, бир куни иккита аёл келиб китоб бериб кетишди. Номи муқаддас китоб экан. Ўқиб бўлсанг, яна олиб келамиз, дейишди. Номига қараб Исломий деб ўйлабман. Тинмай китоб ўқиганинг учун сенга ҳавасим келган эди. Мен ҳам ўқий бошладим. Қарасам, Яхова шоҳидлари ҳақида экан. Шунақанги чиройли ёзилган эканки, одамни довдиратиб қўяди. Аввалига улардан роса жаҳлим чиқди. Кейин ўзимга ўзим: “Нимага уларга аччиқланасан? Улар ўзлари тўғри деб билганларини қилишади. Кўр бўлмасанг, сен ҳам динингга амал қилиб яша, - дедим. Уларнинг таклифи менга калтакдай таъсир бўлди. Аммо миямга бир қанча саволларни уйиб ташлашди. Савол ёғдиришда жуда устадек туюлдилар.

– Албатта, динингни билмасанг, сенга шундай туюлади. Баъзилар Қуръоннинг бир қисмини олиб динини билмаганларга шундай шаклда ўргатганки, улар хатто ислом динидан қўрқа бошлашган. Масалан, уруш асносидаги вазият назарда тутилиб “тутган кофирларингизни ўлдиринг” оятини кундалик ҳаётга мослаб гўё кўрган кофирларингизни ўлдиринг деб тафсир қилишган. Ўқиб ўрганмасак шундай вазият юзага келаверади. Лекин сени қандай саволлар қийнаяпти?

– Қасос мавзуси. Менга жуда ғалати туюляпти.

– Нега? Қотилларга рахминг келяптими?

– Йўғ-е, нега ундай дейсан?

– Унда нима демоқчисан? Айбсиз одамни бирор сабабсиз ўлдирган инсон яшаб юраверсинми?

– Йўқ, лекин...

– Нима демоқчисан? Отангни сабабсиз келиб ўлдиради-да, қайси хақ билан тинчгина яшайверади? Аллоҳ (ж.ж.) бу масалада “Сизларга қасос олишда ҳаёт бор” (Бақара, 179) дейди. Бу қасос қонунидан қўрқиб, инсонлар бир-бирларини осонликча ўлдира олмайдилар, жиноят қила олмайдилар. Ҳозир инсон қадри паст бўлганидан, одам ўлдириш ҳам ўйинчоқ бўлиб қолди. Юзлаб инсонлар мозорга кирса, қотиллар эса қамоққа олинадилар. Қўлга олинмаганлар эса қанчадан-қанча. Ким қасос мавзусига қарши бўлса, ўша одамдан сўраб кўр: “Бирор яқин инсонингни бекордан бекор ҳеч қандай айбсиз ҳолида ўлдиришса, нимани сўраган бўлардинг?” – дегин. У албатта “қотилнинг ўлдирилишини” деб жавоб беради. Ҳозирда қотилнинг тарафини олаётганларнинг эса асли сабаби шундайдир: У қотилнинг ўлдирган одами унинг ёқтирган одами эмас, бошқаларнинг ёқтирганидир. Яъни ўлган бегона биров бўлгани учун қасос мавзуси баҳонасида Исломдан ўч олишга интиладилар. Бироқ севган инсонларидан бири бўлса, Суд залида бақиришади: “осинглар, ўлдиринглар” – деб. Ҳаммаси бирдан шариатни оқлаб, қасос олишни истаб қолишади. Масалан, Сагиб Бабамжи булардан биридир. Укаси вафот этишидан олдин қасосга қарши эди. Ўлгандан кейин эса “одам ўлдирганлар ўлдирилсин”, деб жар солди. Шундай қилиб, бу нарса исломда “қасос” дейилади.

Лайло Фотимани оғзи очилганча жон қулоғи билан тинглар эди.

– Ё Тангрим. Демет, шунақанги чиройли гапирасанки, шунча нарсани қаерда ўргангансан? Мени ҳайратда қолдиряпсан.

Фотима нима деб жавоб беришини билмай қолганча:

– Қаердан бўларди!? У ер бу ерда эшитиб қолганларимни гапирдим қўйдим-да.

– Илтимос, Демет. Мени анойи деб ўйлаяпсанми? Бу гапларинг у ёқ бу ёқдан қуллоқа чалинадиган гапларга ўхшамайди. Сен Исломни пухта биладиганлардай тушунтирдинг. Эркак киши бўлганингда сени собиқ имомлардан деб ўйлар эдим. Тўхта-тўхта, мабодо “Имом Хатиб” да ўқимаганмисан?

– Ҳа, энди. Бир жойларда ўқиганманда, қўяверсанг-чи.

– Иее, сени қара-я. Нимага шунча пайтдан бери бу ҳақда лом-мим демайсан? Сенинг ўрнингда бўлганимда умуман беркитиб ўтирмас эдим. Айтганча, Имом Хатиб деганимизга эсимга тушиб қолди. Биласанми мен кеча кечқурун қаерга бордим?

– Қаердан билардим?

– Кўрсанг, ҳайрон қолардинг. Қуръон курсига бордим. Биласанми, шу пайтгача унақа жой ва унақа инсонларни умримда кўрмаганман.

Фотима ич-ичидан ғалати бўлиб кетди. Ўзи ўқиган курсларга ўхшаган жойга бордимикан Лайло? Ўзи қандай ҳолда бўлишидан қатъий назар ҳеч кимнинг мусулмонларнинг ёмонига дуч келишини истамас эди. Қўрқиб сўради:

– Қанақа жойга бординг? Қандай қилиб ва нима сабабдан борганингни тушунтириб бера оласанми?

– Вооой, ҳаммаси жуда ажойиб бўлди. Яхова шоҳидлари келиб кетгач ҳаётимда биринчи марта мен ўзи аслида қанақа мусулмонман, деб ўйлаб қолдим. Азон товушлари мени жуда қаттиқ таъсирлантирди. Баъзилар азонни чиройли қилиб айтиша олмайди-ку, аммо баъзилар эса инсоннинг руҳини юксалтиради. Мен ҳам таъсирлана бошладим. Кеча мени Надим бей ишдан ҳайдаб юборди. Ўртоғимнинг олдига борсам, уйида йўқ экан. Кўчада паришон бир аҳволда кетаётсам, ҳижобли қизни кўриб қолдим. У билан гаплашдим, у шунақанги ақлли қиз эдики, ҳайратда қолдим. Қуръон курсида ўқир экан. “Келинг, сизни ҳам у ерга олиб борай” – деди. Мен эса кийимимни ишора қилиб “мини юбкада ҳам у ерга борса бўлаверадими?” – деб сўрадим. У эса кулиб, “Бундай кийимда кўчада юрилмайди-ку, лекин сиз... сиз юрибсиз. Қуръон курсида кўча-кўйдагидай гуноҳ қилинмайди. Чунки у ерда сизни эркаклар кўришмайди” – дея жавоб берди. У ҳақ эди. Уялганча курсга бордим. Мени шунақанги илиқ кутиб олишдики, сўз билан ифодалай олмайман. Айниқса курс ўқитувчисини айтмайсанми.

Фотиманинг ёдига ўзи илк бор қадам қўйган Қуръон курси келди. Мини юбкадаги қизга чиройли муомала қилиш у ёқда турсин, хатто курсга киргизмас эди ҳам.

Кейин қизиқиб яна сўради:

– Хўш, кейинчи?

– Кейин ўтириб суҳбатлашдик. Менга шунақанги гўзал нарсаларни тушунтиришди-ки, у ердан кетишни ҳам хоҳламай қолдим. Оилам бу гапларни эшитишса, мендан воз кечиб юборишса керак.

– Нимага энди? Бу ер Қуръон курсидан яхшироқ жоймидики сендан воз кечишади?

– Оилам дин деса тепа сочи тикка бўладиган одамлар тоифасидан. Курсда соатлаб суҳбатлашдик. Истаган пайтингда бемалол келавер дейишди. Шунақанги тоза, покиза жой эдики, ўзимни худди жаннатдагидай ҳис қилдим. Ҳалиям таъсирланиб юрибман. Насиб бўлса дам олиш кунлари яна бораман.

Фотима кўнгли хотиржам бўлганча, чуқур нафас олди. Бошқа тарафдан эса ҳайрон эди. У бу йўлдан қайтаётган бир пайтда хаёлига ҳам келмаган ўртоғи Исломни ўрганаётган эди.

Орадан бир неча соатлар ўтди. Вақт ўтган сайин Лайлонинг аҳволи оғирлашиб, тинмай терлаётган эди. У шоша-пиша Фотимага ёлвора бошлади:

– Демет, менимча гиёҳвандлик дарди тутяпти. Илтимос, мен нима қилишимдан қатъий назар ташқарига чиқарма. Уни бошқа ичишни хоҳламайман. Руҳимдаги бўшлиқни Аллоҳ севгиси билан тўлдиришни истайман. Мени асло... Асло ёлғиз қолдирма. Ўз ҳолимга қўйсанг, мен барибир ўша захарни топиб ичаман.

Бир неча соатлардан кейин Лайлонинг аҳволига қараб бўлмас эди.

– Мени қўйиб юбор, Демет. Бир нафаслик топиб келай. Бошқа чидай олмайман.

Фотима уни қўйиб юбормаслик учун эшикка суяниб туриб олди. Лекин Лайло энди уни ура бошлади:

– Қўйиб юбор, кимсанки менинг ишларимга аралашасан? Қўйвор, бўлмаса ўлдираман.

Фотима эшикни қулфлаб, калитни беркитиб қўйган эди. Бироқ у ҳам энди Лайлонинг бақир-чақирларига чидай олмайдиган ҳолга келган эди. Лайло ерда юмаланар, инграр, ўрнидан туриб, кейин ўзини яна ерга отар эди.

– Мени қутқар, ёрдам бер, Демет. Ҳеч ким эшитмаяптими, мени қутқаринглар!

Фотима нима қилишини билмай қолган эди. Бундай вазиятга илк маротаба дуч келиши эди. Лайло эса ўзини умуман йўқотиб қўйган, энди у ўзини деразадан кўчага отиш пайида эди.

Фотима Лайлонинг бу ҳолига қараб ачинар, фарёд урарди:

– Сени бу аҳволга туширганларни ер ютсин.

Лайлонинг лаблари ишиб, оғзи юмилган, кўзлари ғилайлашиб, нималар деяётганини ўзи ҳам билмайдиган ҳолга тушган эди.

У бирдан ошхонадаги пичоқни кўтариб Фотимага ўқталганча бақира бошлади:

– Тез бўл, тез эшикни оч, бўлмаса сени ўлдираман.

Фотима эшикни очмасликка қарор қилган эди. “Ҳеч бўлмаса Аллоҳ йўлида бир иш қилаётиб ўлган бўламан”, – деди.

Чаққон ҳаракат билан Лайлонинг қўлидан пичоқни олганида Лайло фурсатдан фойдаланиб ўзини дераза томонга урди. Фотима унга етиб олгунича Лайло ўзини деразадан пастга отишга улгурган эди.

Фотима нима бўлаётганини илғаб олгунича орадан бир неча сониялар ўтди, у турган жойида ҳаракатсиз қотиб қолди. Ўзига келиб, деразадан ташқарига қараганида пастдан ҳеч қандай товуш эшитилмади. Ярим кечаси бўлгани учун Лайлонинг ҳар қандай ҳаракати эшитилиши керак эди. У югуриб эшикни очганича зинадан пастга тушар экан овозининг борича бақирар эди:

– Ҳой қўшнилар ёрдам беринглар, одам ўляпти.

Ҳолбуки инсонийлик ўлганига бир неча йиллар бўлган эди... Ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳеч ким эшикни очиб нима бўлди, деб сўрамаётган ҳам эди. Ҳамма бир нималардан қўрқадиган бўлиб қолган эди.

Дераза остига етиб келганида Лайлони ерда қон-тер ичида ётганини кўрди. Унинг ёнига бориб қарашга аввалига юраги дов бермади. Лайлони ўлиб қолди, деб ўйлар, ўликка яқинлашишга қўрқар эди. Бирдан бошини кўтарганида юқори қаватлардан унга қараб турган қўшниларни кўрди. Аммо ҳеч ким унга ёрдам берай демас эди.

У яна бақира бошлади:

– Бирортангиз келиб ёрдам берсангиз-чи. Кўрмаяпсизми? Ўртоғим жон беряпти, уни касалхонага олиб борайлик.

Иккинчи қаватда бир одам унга жавобан:

– Милицияга телефон қилдим, тез орада келиб қолишади. Қўлимдан келгани шу, - деди.

Фотима ўзини зўрға қўлга олиб, Лайлога яқинлашди, қўлидан тутди. Лайлонинг қўллари қон бўлгани учун пульсини топа олмади. Юзи ҳам қон ичида қолган эди. Тирикмиди йўқми, тушуниб бўлмас эди. Юзига шапатилаб, ёлворар эди:

– Лайло, илтимос қиламан, кўзларингни очгин.

Сал ўтиб милиция етиб келди. Лайлони ҳам, Фотимани ҳам машинага чиқаришди. Фотима тинмай йиғлар, милиция ходимларидан бири эса Фотимани хақорат қила бошлади:

– Олдин уни деразадан отиб юбориб, энди ақлинг кириб пушаймон бўляпсанми? Хушларингни йўқотгунча ичасизлар. Кейин бир-бирларингни ўлдиришгача борасизлар. Ҳар куни шу аҳвол.

Милиция ходимлари бу воқеаларнинг асл айбдори тузимлигини, ёшларни ҳам шу аҳволга туширган тузимлигини билмас эди.

Фотима эса ўзини йўқотиб қўйганидан уларни эшитмаётган ҳам эди. Унинг бутун фикри Лайлода эди:

– Кўзларингни оч, ўртоқжон, ёлвораман оч.

* * *

Касалхонага етиб келишлари билан Лайлони операцияга олиб кетишди. Унинг қовурға суяклари ва оёқлари синган эди. Боши ҳам беш-олтита жойидан ёрилган эди. Эрталаб соат ўнбирларда Лайло кўзини очганида Фотима унинг бошида турар эди. Комиссар Фотимага огоҳлантириш берди:

– Ўзингга эҳтиёт бўл, агар ўртоғинг тирик қолмаганида сени айбдор деб билиб, қамоқхонада чиритишар эди. Бип-бинойи қизга ўхшайсан. Бунақаларнинг орасида сенинг нима ишинг бор? Уйингга, оилангга қайт. Жинниларнинг ичида сен ҳам жинни бўлиб қоласан.

Бирдан Лайло зўрға инграб гапира бошлади, у ҳали том маънода ўзига келмаган эди:

– Демет, дарров ойимга телефон қил. Мени бу ердан чиқаришлари билан даволатишсин. Яна наркотик бериб вақтинчалик даволатишмасин. Мени... мени қутқар, Демет. Ёнимдан кетма.

Бир неча соат ўтиб Лайлонинг онаси етиб келди. Кўз ёшлари тинмай боласини қучоқлар эди:

– Болам, Лайлом. Сенга нима бўлди?

Нима бўлгани ҳаммага аён эди. Кошки унинг онаси нима бўлганини эмас, олдиндан бу воқеанинг олдини оладиган оналардан бўлганда эди!
Давоми бор...

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (12-қисм)