19:26 / 27.07.2019
4 354

Британиянинг янги бош вазири: евроскептик, руспараст, хотинбоз. У Ўзбекистонда бўлган

Британиянинг янги бош вазири: евроскептик, руспараст, хотинбоз. У  Ўзбекистонда бўлган
Буюк Британия собиқ ташқи ишлар вазири, Лондоннинг собиқ мэри Борис Жонсон консерватив партиянинг етакчиси этиб сайланди. Бу унга бош вазир лавозими учун йўл очди. Жонсон нимаси билан машҳур ва ундан нималар куца бўлади? «Дарё» шарҳловчиси Жаҳонгир Эргашев шу ҳақда фикр юритади.

Борис Жонсон Буюк Британия консерватив партиясининг янги раҳбари қллиб сайланди. У Brexit масаласида парламент билан қаттиқ зиддиятга бориб, мамлакат бош вазири ва консерваторлар партияси етакчиси лавозимларини тарк этган Тереза Мэйнинг давомчиси бўлди. Жонсон ҳукмрон партиянинг раҳбари этиб сайланиши, барча эҳтимолларга қараганда, айнан у кейинги бош вазир бўлишини англатади.

Фото: Getty Images
Бир йилдан кўпроқ вақт аввал Жонсон Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиши борасида Мэй билан қарама-қаршиликлари туфайли истеъфога кетган эди. Қаттиқ Brexit тарафдори, евроскептик Жонсон бир неча бор шу куздаёқ Лондон Брюссель билан битимсиз Европа Иттифоқини тарк этиши мумкин деган эди. Жонсон умуман сершовқин, зиддиятли, баъзан жанжалкаш феъли билан машур.

Оксфорд ва Итон битирувчиси ҳамда жанжалкаш журналист
Жонсон Нью-Йоркда туғилган. Унинг ота-онаси инглизлардир, оилада рус ва турк аждодлар ҳам бўлган (бу ҳақда Жонсоннинг ўзи айтган). Туғилган пайтида болага Александер Борис де Пфеффель Жонсон номи қўйилган, лекин кейинчалик уни шунчаки Борис деб чақира бошлашган.

Бориснинг отаси – Стенли Жонсон Европа Иттифоқи тузилмаларидан бирида мансаб олганидан кейин оила Брюсселга кўчиб келган. Бориснинг уч ака-синглиси бор. Унинг синглиси Рейчел Sandy Times’га берган интервьюсида уларнинг онасирассом Шарлотта Жонсон депрессиядан азоб чеккани ва кўпинча руҳий хасталиклар клиникасида бўлганини айтган. Болалар оқсоч назоратида бўлган. Борис кўплаб машҳур британиялик сиёсатчилар таълим олган машҳур Итон ёпиқ коллежида ўқиган. Сўнгра у Оксфордда археологияни ўрганган. У бир неча тилларни, жумладан, француз ва итальян тилларини билади.

Times’да журналист сифатида иш бошлаган. Тез орада уни ёлғончиликда айблаб, ишдан бўшатишган: Борис Оксфорд тарих профессорига (у чўқинтирган отаси ҳам бўлган) ёлғон иқтибос нисбат бериб, мақола чиқарган.

Фото: PA
Бир неча йилдан кейин Борис Жонсон Daily Telegraph’нинг Брюсселдаги махсус мухбири бўлди. Бу вақтда у ашаддий евроскептик сифатида ном чиқарди. Лондонга қайтгач, шарҳловчи бўлиб ишлади. Уни тез-тез телевидениега таклиф қилиб туришарди. У консерватив Spectator газетасини ҳам нашр қилган.

Брюсселда ишлаб юрган вақтида Борис Жонсон биринчи хотини билан ажрашиб, 12 кундан сўнг иккинчи марта, уларминг биринчи боласи туғилишини кутаётган адвокат Марина Велерга уйланди. Уларда яна учта бола туғилди.

Борис Жонсоннинг сиёсий ўсиши ва ишқий саргузаштлари
Инглиз сариқ матбуоти Борис Жонсонни, ўзи айтганидай, гўзал ва ақлли аёлларга муҳаббати туфайли хотинбоз деб атайди. Унинг кўп сонли ишқий саргузаштларини эса журналистлар Жонсоннинг таниш хислатлари – тўзғиган малла сочлари, ғижимланган костюми, велосипедда юришга ишқибозлиги, ўзига бино қўйгани ва афсонавий қунтсизлиги билан бир қаторга қўяди.

Шунга қарамай, буларнинг ҳаммаси Борис Жонсонга Брюсселфаги фаолиятидан сўнг тез орада сиёсий карьерани йўлга қўйиб олишига тўсқинлик қила олмади. 2001 йилда бўлғуси бош вазир Оксфордширдан жамоат палатасига депутатликка сайланди. Парламентда 2008 йилга қадар консерватив партия намояндаси сифатида мандатини сақлаб қолди. 2004 йилда консервативларнинг ғоявий ҳукумати таркибига кириб, унда маданият вазири лавозими эгаллади.

Лекин ҳамкасбларидан бири билан севги можаросидан кейин мансабидан воз кечишига тўғри келди, шу жанжал туфайли Жонсоннинг хотини уни уйидан ҳам ҳайдаб чиқарди.

Фото: Getty Images
2005 йили консерваторлар етакчиси Дэвид Кэмерон бирга Итон мактабида ўқиган Борис Жонсонни ўзи ташкил қилган соядаги ҳукуматга таклиф қилмади. Лекин уч йил ўтгач, Жонсон Лондон мэрлиги учун сайловда қатнашишга қарор қилди. У сайлов штаби раҳбари Кэмерондан ёрдам олиб, ғалаба қилди ҳамда икки марта мэрлик лавозимига сайланди.

Жонсоннинг Россияга муносабати
2016 йил июль ойида Тереза Мэй Борис Жонсонни Британия ташқи ишлар вазири этиб тайинлади. Кўпчилик у бу вазифани бажара олишига шубҳа билан қаради. Бу пайтга келиб Жонсон жанжалга етакловчи нутқлари билан машҳур бўлиб улгурган ва кўпларни, жумладан, Европа ва Россия раҳбарларини ҳақорат қилишга улгурган эди.

Жонсон Европа Иттифоқи ва унинг раҳбарларига бир неча бор танқид ёғдирар экан, Sunday Telegraph нашрига берган интервьюларидан бирида «Европа Иттифоқи улкан давлат тузмоқчи. Наполеон, Гитлер ва бошқалар ҳам шундай қилишга уриниб кўринди, аммо оқибати ёмонлик билан тугади», деб айтган эди. Қолаверса, Европа Иттифоқи танқиди билан Брюсселда журналистлик фаолияти билан машғул бўлган даврлардан бери ном чиқарган эди.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларини ҳам Жонсон қаттиқ танқид қилди. 2016 йил Ҳалаб яқинида БМТнинг инсонпарварлик карвонига ҳужум ҳақида гапирар экан, шундай деган эди: «Барча гувоҳликлар бу ваҳшийлик учун масъулият Россия зиммасига тушишини кўрсатмоқда». Кейинчалик Британия парламентида чиқиш қилар экан, «БМТ инсонпарварлик карвони ва Суриядаги аҳоли нишонларига ҳужум қилганларни халқаро трибуналда кўришни истар эдим», деб таъкидлаган эди.

Борис Жонсон Россияга нисбатан иқттисодий жазо чораларини кучайтириш тарафдоридир. «Ҳа, айнан Буюк Британия Қримдаги, Украина шарқидаги, шунингдек, Ҳалабдаги ҳаво ҳужумлари муносабати билан Россияга қарши санкцияларни қатъий кучайтиришни талаб қилади. Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, биз Россия билан муносабатларимизни яхшилай олмаймиз ёки одатдагидай иш кўришга қайта олмаймиз. Буюк Британия Россия билан кескин муносабатда бўлишга тайёр, аммо бу дегани музокаралар олиб бориш ақлсизлик бўлади дегани эмас», – деб такидлаган эди Борис Жонсон 2016 йилда.

Борис Жонсон руспарастми?
Юқоридаги фикрларга қарамай, Борис Жонсон бир неча баёнотларида Россия билан музокара олиб боришни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган ва ўзини ҳаттоки руспараст деб ҳам атаган эди. «Агар Россия ташқи сиёсатини ҳозирги йўлда давом эттирса, аниқки, бу буюк миллат ҳайдалган миллатга айланиши мумкин. Мен руспарастман. 16 ёшимда Россияда бўлганман. Аммо Россия Суриядаги ваҳшийликларига чек қўйиши керак».

Кейинроқ эса, «ТАСС» хабарига кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Москвадаги музокаралар натижасига бағишланган конференцияда Жонсон шундай деган эди: «Айтишга изн беринг, мен руспарастман. Эътиқодан руспараст. Москвада аждодларим бор. Мен Буюк Британиянинг ташқи ишлар вазири сифатида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни яхшилашга эришмоқчиман».

Солсберидаги Скрипаллар заҳарланиши воқеасидан сўнг Борис Жонсон биринчи бўлиб Владимир Путинни айблади.

Фото: Deutsche Welle
Deutsche Welle радиосига берган интервьюсида Жонсон «Ўйлайманки, бўлиб ўтган ишда Россия ҳам, россияликлар ҳам айбдор эмаслигини кўрсатиш кераклиги муҳим. Биз ва Россия ўртасида ихтилоф йўқ. Биласизларки, мен Россияни севаман, аждодларим шу мамлакатдан. Масала бунда ҳам эмас, аслида Кремль ва Россия айни пайтда тушиб қолган ҳолатдадир».

«Сиз, шунингдек, Сергей Скрипаль ҳужум нишони бўлганини ҳам назардан қочирмаслигингиз керак. Владимир Путиннинг ўзи ҳам Скрипалга ўхшаган хоинларни заҳарлаш кераклигини айтган эди».

Интервью давомида Борис Жонсон Скрипаллар воқеаси уни бениҳоя қайғуга солганини таъкидлаган эди:

«Икки йил аввал Буюк Британия ташқи ишлар вазири бўлганимда Россияга ёрдам қўлини узатмоқчи бўлдим, ваҳоланки айримлар бундай иш тутиш Россияга нисбатан батамом бесамар ишлигини айтиб фикримдан қайтармоқчи бўлганди. Аммо мен чин дилдан уриниб кўриш керак деб ҳисоблардим, сабаби Россия ажойиб мамлакат. Ҳозирда ўртамиздаги бундай муносабатларнинг гувоҳи бўлиш мен учун оғриқлидир».

Айни вақтда Буюк Британиянинг бош вазири сифатида Борис Жонсон олдида турган муҳим вазифалардан бири Россия Британия муносабатларини одатий ўзанга солишдир. Янги бош вазир бу масалани қандай ҳал қилади? Brexit масаласидаги ёндашув усули биланми? Ёки авваллари бўлгани каби ғайриодатий йўл биланми?

Дарвоқе, 2005 йилда Жонсон Ўзбекистонга таътил сафари билан келган ва унга ўзбек палови ниҳоятда ёққанини таъкидлаган эди. У Ўзбекистон ҳақиқий мустақил бўлишига хайрихоҳ эканини ҳам алоҳида қайд этган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британиянинг янги бош вазири: евроскептик, руспараст, хотинбоз. У Ўзбекистонда бўлган