16:06 / 28.07.2017
7 817

Кечикмаган бахт

Кечикмаган бахт
Одамлар нега шунақа экан? Бировнинг тақдирини ҳал қилишга ўзларини ҳақлиман, деб ўйлашади. Сизга тилаётган яхшиликлари кўнглингизга оғир ботишини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Бу сўзларни тилимга кўчирмадим. Ҳамкасбим Малика опанинг гапларидан шунчалик эсимни йўқотгандимки, нимадир дейишга ожиз қолгандим.

Иш жойимга қайтсам, абитуриентлар қаторлашиб туришарди.

Келдингизми? Бу ишни ҳам эплаганга чиқарган экан, Юлдуз. Ярим соатда атиги битта абитуриентнинг ҳужжатини қабул қилдим, — мени декан хонасига чақиргани учун ўрнимда ишлаб туришга қолган ҳамкасбим ўрнидан турди. — Айтганча, нима гап экан ўзи? — деди у тунд қиёфамдан нохушликнинг ҳидини сезгандек.

Эй, арзимаган гап учун овора қилишибди бизни, — дедим хушламайгина.

Шу абитуриентларга ҳам ҳайронсан киши, охирги кунга тақаб ҳужжат топшириш шартми? — Лола менга ачинган киши бўлиб сўзлашда давом этди.

Булар ҳам ўзимга ўхшайди-да, яхшироқ вариант чиқиб қолар, деб юраверишади, — дея жилмайдим. Ҳазил қилмасам, Лола ўзи билмаган ҳолда аламимга ёғ пуркашда давом этарди.

Ҳазилларингиз бор бўлсин, Юлдуз, — дея у факультет биноси томон кетди.

Ҳар йили қабул комиссиясида ишлайман. Истасам-истамасам, бу ишни шундоқ бўйнимга юклаб қўя қолишади.

Юлдузнинг қачон ишга бориб келишини ҳисоб-китоб қиладиган эри бўлмаса!

Ёзи билан бизга ўхшаб юзлаб банка ёпмаса!

Уйда йиғлаб қоладиган боласи йўқ, Юлдуз ишласин!

Бу иддаолар баъзида ошкора, баъзида орқаваротдан айтилади. Айбим — оилам йўқлиги саналиб, нимаки ишдан кейин қилинадиган юмуш бўлса, кўнгилли аскардек мен бажаришим керак.

Йўқ, ҳамкасбларимдан нолимайман. Улар доим мен ҳақимда қайғуришади, айниқса, бахтим очилишини ўзимдан-да ортиқ исташади. Ҳали бири совчиларни етаклаб келган, ҳали бошқаси мени кимгадир тавсия қилган.

Бугун эса уларнинг жонбозлигидан кўнглим оғриди. Деканимиз хонасида кўрган кишимнинг не сабаб мен билан учрашаётганини аввалига тушунмадим. Унинг совчи эмас, айнан куёвликка номзодлигини эшитиб эса нафасим бўғилиб кетди.

Кўрдингизми? — Малика опа декан хонасидан чиқишимни пойлаб турган шекилли, кўзи тушиши билан савол берди.

Ҳа дейишга ҳам ҳафсала қилмай бошимни қимирлатдим.

Хўш, қанақа? — Малика опа қўлимдан тортиб ўз хонасига бошлади. Ноилож эргашдим.

Ёшлари катта экан, — тилимга келган биринчи сўз шу бўлди.

Вой, нима бўлибди? Энди олтмишдан ошган.

Менга тўғри келмайди, кўринишлари ҳам, ёшлари ҳам, оилавий аҳволлари ҳам, — дея ўрнимдан туришга шайландим.

Юлдуз, сиз ҳам ўттиз олтига кириб қўйдингиз. Энди бу ёғига ёш йигитларнинг оғиз солиши амримаҳол. Ўзи асли зиёли инсонлигини, қолаверса, сиз учун барча шароитларни яратишини ўйлаб учраштиргандик. Деканимиз билан бирга ўқишган экан, илмни ҳам тушунади, эртага фан номзодлиги қилишингиз ҳам осон кўчади, — суҳбатдошим барча совчилар каби «куёв»нинг таърифини келтира бошлади.

Ахир аёллари... — дедим-у гапимни давом эттира олмай қолдим.

Хотини бир оми аёл экан, шундоқ эрнинг қадрига етмапти. Неча йилки, бирга яшашмас экан. Болалар ўртада сарсон бўлиб кетгач, бу киши уйланмоқчи бўлаяптилар. Ахир иссиқ-совуғига қарайдиган бир аёл керак. Сиз рози бўлсангиз, хотини билан қонунан ажрашар ҳам, — деди опа охирги айтганларига ўзи ҳам ишонмай.

Малика опа ҳозир кўнглимдан кечаётган туйғуларни тушунмаслигини ўйлаб, «Қабулга боришим керак», дея шошиб хонадан чиқиб кетдим.

Нима ҳам дердим? Менинг ҳам ўз орзуларим борлигини айтайми? Йиллар давомида умид билан бахт кутганимними? Ҳамон ўз тенгимни учратишимга ич-ичимдан ишонишимними?

Бир хаёлим ортимга қайтиб, бўғзимни куйдираётган аламли сўзларни тўкиб солмоқчи бўлдим. Лекин ёши катта аёл, қолаверса, мени ўзига яқин олганидан бу ишга қўл урганини ўйлаб, яна шайтонга ҳай бердим. Бугун эса айнан шу аёлдан жуда миннатдорман. Ахир унинг эслатмаси сабаб ҳаётимда муҳим қарор қабул қилиш пайти келганини англаб етдим.

Ҳужжатларингиз? — қаршимда кўзлари жавдираб турадиган, «Ҳужжатларингиз жойида» деган сўзни худди «Ўқишга қабул қилиндингиз?» дея эшитгувчи абитурентлардан кўриниши ҳам, нигоҳлари ҳам фарқ қилувчи йигитга юзландим.

Мана, — йигит столимга бежирим ўрамли шоколадни қўйди. Пора деган хаёлга бордим.

Мен ҳужжатларингизни сўрадим, — дея қатъий гапирдим.

Ҳужжатларим йўқ.

«Довдираб юргани учун ҳам ўқишга киролмагандир-да шу пайтгача» деган фикр ўтди хаёлимдан.

Унда нима қилаяпсиз бу ерда?

Йигит жим. Кўзларини олиб қочгани-ку ҳайрон қоларли.

Бугун қабулнинг охирги куни. Агар у-бу жойда унутиб қолдирган бўлсангиз, тезроқ ҳаракатингизни қилинг, — дедим-да, шоколадни ўзи томон сурдим.

У эса лом-лим демасдан ўрнидан туриб кетди. Негадир, кайфиятим кўтарилди. Шу билан кечгача абитуриентлар билан овора бўлиб институтда қолиб кетдим. Қанчалик ишга кўмилмай, Малика опанинг сўзлари ҳеч тинчлик бермасди. Ўзимни ҳамма нарсани, энг муҳими, ёшлигини йўқотган инсондек ҳис қилдим. Шу кунгача кўп номзодлар билан учрашдим. Тўғри, улар орасида ажрашганлар, оиласидан куйганлар, аёлини мангуга йўқотганлар бор эди. Лекин ҳеч бир номзод бугунгидек дилимга оғир ботмаганди. Тағин ҳамкасбимнинг энди сизга йигитлар оғиз солмайди, чиққан чолга рози бўлаверинг, деган маънодаги гаплари ҳақиқатга ўхшаб туюларди.

Оғир қадамлар ташлаганча институт биносидан чиқарканман, кутилмаганда ёнимда пайдо бўлган йигитни кўриб ҳушим бошимдан учди.

Вой, қабул тугади-ку! — дедим қўрқув аралаш ҳаяжон билан.

Биламан, — у мени баттар ҳайратга солиб табассум қилди.

Ахир энди ўқишга топшира олмайсиз! — ўз ташвишимни унутиш учун ҳам унинг муаммосига куйина бошладим, шекилли.

Ўқишга топширишим шартмас... — шундай дея йигит қўлидаги гулдастани менга узатди.

Ҳарҳолда бу ерда менга гулдаста бериш учун юрмагандирсиз? — энди аччиғим келди.

Албатта, шунинг учун. Чиқишингизни пойлаб тургандим-да.

Кимсиз ўзи?

Йигит хотиржам ўзини таништирди. Исми Шерзод экан. Яна бир ҳамкасбим — Зилола унинг онасига мени тавсия қилибди. Бу гапдан кейин юзимга қизиллик югурди. «Мендан неча ёш кичик экан?» деган савол эса ўйлантириб қўйди.

Ёшим ўттиз еттида, — деди у хаёлимни ўқигандек.

***

Яхшилаб суриштириш керак. Нега шу пайтгача уйланмаган экан, — совчилар келишини эшитиб ҳовлиқиб қолган холам Шерзоднинг туманида ишловчи танишларини эслай бошлади.

Айтдим-ку, бошқа миллат вакили бўлган қизни яхши кўрган экан. Онаси олиб бермагач, бошқасига уйланмайман, деб ўжарлик қилиб юраверибди. У қиз «Қонуний оила қурмасак, мени тинч қўйинг», деб икки йил олдин ўз миллатдошига турмушга чиқиб кетибди. Ҳозир боласи ҳам бормиш.

Вой, соддалигингни, балким алдаётгандир. У билан ҳам ажрашмагандир. Сенга онасининг хизматини қилишинг учун уйланмоқчидир, — холам сиз ҳам бир нима денг дегандек ойимга имо қилди.

Қани, ота-онаси келсин-чи, бафуржа гаплашиб оламиз, — ойим доимгидек босиқлиқ билан сўзлади.

Мен эса Шерзодга ишондим. Ахир, доим кулиб турувчи қора кўзлари алдашга қодирмас. Қолаверса, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку! Гоҳида биз севги деб ўйлаганимиз шунчаки ҳавас бўлиши, вақти келганида буни тушуниб етишимиз ҳеч гапмас. Ҳақиқий муҳаббат эса, барибир, бир кун қалбимизга ташриф буюради. Мен муҳаббатнинг, бахтнинг кечиккани бўлмайди, деб ўйлайман. Шунчаки, ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор.

Шерзоднинг ота-онаси уйимдагиларга маъқул келишгач, ёшлар нимани исташса, шу деган хулосага келишди. Шу билан тўй ҳаракатлари бошланиб кетди. Мен катта никоҳ оқшомидан умид қилмаётгандим. Шунчаки, кичик даврада бахт кунимизни нишонлаймиз, оппоқ келинлик либосини ҳам шу ёшимда киймасман, деган ўйда эдим.

— Нима учун? Сизнинг ҳам, менинг ҳам биринчи турмушимиз бўлса, албатта, чиройли қилиб нишонлашимиз шарт! Бунинг устига, иккимиз ҳам жуда ёш кўринамиз, — деди Шерзод бу фикримни эшитиб.

Бу инсонинг менга ёққан томони ҳам шу, доим кайфиятимни кўтаришга ҳаракат қилади, одамни умидлантиради, ҳамма нарсанинг яхши томонини кўради.

Тўй куни эса нафақат мен, меҳмонлар ҳам кўзларига ишонишмади. Дабдабали эмас, шундай чиройли оқшом бўлдики, узоқ пайт ҳамкасбларим «Ҳали бундай файзли тўйни кўрмагандик», дея эслаб юришди.

Мен эса шунчалик юксак бахтга мушарраф бўлишимни тушимда ҳам кўрмагандим. Фақат мени тушунадиган, ардоқлайдиган, севадиган инсонга албатта, тақдир рўпара қилишига доим ич-ичимдан ишонгандим.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кечикмаган бахт