09:28 / 02.04.2019
4 156

«Дунёга тўймадим, бир ҳавас қолди»

«Дунёга тўймадим, бир ҳавас қолди»
Чойхона сўрисида ўтирган 55-60 ёшлардаги киши ёнига келиб ўтирган, кўринишидан ўзи тенги дўстига жаҳл билан гапирди.
– Яна бироз келмасанг шамол жўнатмоқчи эдим.
– Азиз бей, инсон дўстини ҳам шундай қаршилайдими?
Азиз бей ўрнидан туриб, ўртоғи билан қучоқлашиб кўришгач, яна ўша гинали оҳангда гап бошлади:
– Аҳмад бей, мени бир неча соат куттиришинг тўғрими?
– Яхшигина кексайганман, биламан. Лекин бир неча соат дегани нимаси? Автобус кутиб қолдим. Бу ҳам етмагандай тирбандда туриб қолдик.
– Бошқа автобусга чиқмабсан-да!
– Мени яна ранжитяпсан.

Азиз бей димоқ-фироғини кўтарадиган дўстига аччиқ қилишда давом этди:
– Хафа қиляпманми? Аслида хафа бўлган мен-ку! Учрашайлик, бир чойми, қаҳвами ичайлик деган ўзинг, тағин кечиккан ўзинг.
– Бўпти. Бир айб иш қилибмиз-да! Унутайлик энди.
– “Унут” эмиш. Адабий суҳбат қурмоқчи эдик, шеърлар ўқимоқчи эдик. Шу кайфият билан ўқи, ўқий олсанг! Ҳавасни ҳам ўлдирдинг.
– Азизим Азиз, кайфиятни бузадиган нарсаларни унут! Тўхтат бу мавзуни, етар. Атрофинга қара, гуллар очилган, қушлар сайраяпти, шаббода юзимизга урилмоқда. Завқлан, ҳозир қаҳвачидан илтимос қиламан, сен яхши кўрадиган қўшиқнинг куйини қўйиб қўяди. Шу уч кунлик дунёдан яна нима истайсан?

Гапини тугатиб, қаҳвачини ишора билан чақирди. Одатдаги ишорани қабул қилган қаҳвачи, бу икки кекса кишини ҳар ҳафта кўришиб туришини, қадимий куй-қўшиқлар тинглаб, шеърлар ўқиб суҳбат қуришини биларди. Узоқдан уларнинг нозик тортишувини кўрган қаҳвачи ўз-ўзига “Азиз бей яна ғазабда. Сокинроқ қўшиқ қўйиш керак” дея шивирлади.

Қаҳвачининг карнайидан, “Сен менинг эски эмас, эскирмаган дўстимсан”, қўшиғи қулоқларидан кириб руҳига ёйилар экан, Азиз бей овоз оҳанги ҳовуридан тушганини билдирса-да, гинали сўзларини давом этди:
– Сени кайфиятинг яхши, чунки сен кутмадинг-да, куттирдинг.
– Қара, дилимни оғритаверсанг, кейинги сафар яна кеч келаман.
– Ана! Яна бир таҳдид! “Яна кеч келаман”миш!
– Қизишма дарров, ҳазиллашдим. Энди ҳеч қачон кеч келмайман.
– Келавер менга деса.
– Умуман келмайман...
– Қара-да, қара, келма-да, кўр, қани юзингга қарармиканман!

Аҳмад бей кулимсираганча Азиз бейнинг жаҳлидан завқланиб, тортишувни давом эттирди.
– Сабаби Азиз, бир ҳикоя ёзаяпман. Менимча, бу кеча ёзиб тугатсам керак. Сени толиқтиришни истамайман. Аммо кейинги учрашувимизда, сенинг ҳикоямга муносабатингни билишим керак.
– Сен менинг энг нозик нуқтамни биласанми?
– Тез жаҳлинг чиқишини ҳисобга олмаса, ўзи ёмон одам эмассан.
– “Одам эмассан”дан аввал вергул борми?
– Йўқ, йўқ ундай эмас. Яна жанжал чиқарасанми?

Азиз бей кулди:
– Ҳазиллашдим. Сен ҳазиллашсанг яхши, меники ёмонми? Хўш, бугунги шеър ўқишни бошламасдан бир қарорга келайлик, чоршанба кўришамизми ё пайшанба куними?
– Чоршанба касалхонага боришим керак. Пайшанба куни учрашамиз.
– Бўпти. Аммо кечика кўрма. Ришталарни узиб ташлайман.
Аҳмад бей яна кулди:
– Узсанг узавер, мен ҳам сени ишсиз қўймайман. Янги ришталар боғлайман. Сендай кексанинг дўстсиз қолишига кўнглим рози бўлмайди.
– Кулавер-чи, кул. Ҳикоянг яхши чиқмаса бундай кулолмайсан. Кичкинагина хатоингни ҳам юзинга соламан. Сени осмондан олиб ерга отаман.
– Қадрдон дўстлармиз инсоф қил!
– Ундай бўлса, қўй буларни. Юзинг ўша кунгача кулаверсин! Янги шеърларни ўқи!
Аҳмад бей портфелидан бир дафтар чиқариб, ўқишга тутинди.
Нима қолди?
Қалбимда ёшликдан бир садо қолди
Дунёга тўймадим, бир ҳавас қолди.
Найласам, нима қилсам, беҳуда
Олмоқ қолмади, берар сўнг нафас қолди...
Шу тариқа бир-бирлари билан шеърлар ўқиганча вақт ўтказишди. Ошомга яқин хайрлашди.

*** *** ***
Сўнги адабий суҳбатнинг таъми оғзида қолган Азиз бей пайшанбани интизор кутди. Энг охирги газета-журналлардан бир дастасини кўтариб, дўсти билан ҳар гал учрашадиган чойхона боғига келди. Чойхонага келган заҳоти юзи буришди. Ўртоғи ҳануз келмаган эди. Ўзи сержаҳл инсон эди, баттар жаҳл отига минди.
– Ҳали келсин, бу гал ҳақиқатдан ҳам қаттиқ гапираман.

Беш-ўн дақиқа кутай деб, баттар сабри тугади.
– Афсус, ўтган сафар хафа бўлганимни била туриб яна кечикди. Аминманки, яна автобусни баҳона қилади. Қани келсин-чи, кўнгил синдириш қандайлигини бир кўрсатиб қўяман унга!
Кутди. Кутаверди. Соатига қаради, ярим соат ўтганини кўриб юзи ғазабдан қизаринди. Ўрнидан турди- кетди.

Уйга борганида ғазабидан бирор ким ёнига яқинлашолмади. Эшикдан кирасолиб қаттиқ овозда бақирди:
– Мен хонамда бўламан. Аҳмад қўнғироқ қилса чақиринг!
– Дўстингиз Аҳмад амакиданми?
– У энди менинг ўртоғим ҳам, дўстим ҳам эмас!

Алам билан хонасига кирди. Хонада ҳам уёқдан буёққа юрар, Аҳмад узр сўраш учун қўнғироқ қилганида, айтиладиган ғазабли сўзларни хаёлида тўплаётганди. Бу орада хонадан чиқади-да:
– Аҳмад қўнғироқ қилдими? – деб сўрайди. Неваралари, “Йўқ, қўнғироқ қилмади”, дейишса, “Қўнғироқ қилган заҳоти хабар беринглар”, деб уқтирарди.

Қанчалик кутмасин, Аҳмад қўнғироқ қилмади. Эртаси куни ҳам ундан бир хабар бўлмади.
Аввал қўнғироқ қилишга уяляпти, деб ўйлади. Аммо эртаси куни ҳам қўнғироқ қилмаган эди, юрагида оғир бир изтироб ҳис этди.
– Номард Аҳмад, бир мартагина қўнғироқ қилиб узр сўрамадия. Ришталарни узган сен бўлдинг. Афсус, минг афсус...

Икки кун давом этган ғазаби ичини аламли сўзларга тўлдирди. Беихтиёр қўли телефонга чўзилди. Рақамларни теришни бошлади. Бир томондан эски дўсти билан муносабатининг узилиши бўғзини аччиқ алам билан куйдираётган эди.
– Охирги сўзимни гапираман, Аҳмад охирги гапимни! Бундан кейин умуман юзинга қарамайман.
Гўшакдан кутилмаганда қиз боланинг овози эшитилди:
– Ало?
Қизга ғазабли гапиришдан тийилиб, овозини юмшатди.
– Аҳмад бей билан гаплашсам бўладими?
Қиз изтиробли оҳангда жавоб берди:
– Дўстимисиз?
Чоршанба куни касалхонада вафот этди. Бугун пешин намозидан сўнг “Чанқири”да дафн этдик...
Аҳмад Унал Чам
Туркчадан Умида Адизова таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Дунёга тўймадим, бир ҳавас қолди»