23:10 / 30.05.2020
2 958

“Мен қандай Исломни қабул қилдим?” ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова

“Мен қандай Исломни қабул қилдим?” ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова
Озарбайжонда туғилиб, йиллар ўтгач, Ўзбекистонда истиқомат қилиш учун кўчиб келган арман, қисман албан ота-онанинг зурриёдиман.
Оиламиз мутлоқ насроний урф-одатлар ичида ҳаёт кечирмаган бўлса-да, насароларнинг пасха байрамида тухум бўяшлари, Исо(aлайҳиссалом)ни уч илоҳдан бири деб билишлари, бирор яқини вафот этса мозорда шам ёқиш бизнинг оилани ҳам четлаб ўтмаган.

Зиёфат дастурхонида ароқлар дарё бўлиб оқадиган, чўчқа гўштидан энг тансиқ таомлар ейиладиган, хусусан, турфа хил кабоблар тайёрланадиган хонадонда... бир куни марҳум отамнинг “таъбири” билан айтганда, катта фожиа юз берди: кичик акам “арманларни сотиб, ўз динига сотқинлик қилиб” мусулмон бўлди.

Хуллас, бизнинг жаҳолат ҳавоси билан димиққан уйимизда Исломнинг соф шаббодаси илк бор эндигина 22 ёшдан ўтган акам туфайли эса бошлаган.

Тан олиб айтаман, отам ва қондошларим томонидан акамга қилинган зулм, босим мен иймонга келганимда бўлмаган.

Акам мусулмон бўлгач, отам олдимизга қатъий талаб қўйди: у билан гаплашиш, яхши муомалада бўлиш, қўллаб-қувватлаш тақиқланди. Бу қоидани бузганлар онам каби калтак ейдиган, куракда турмайдиган ҳақоратлар эшитадиган бўлди.

Намоз ўқишига атайин халал беришлар, қариндошлар жамоатини йиғиб “қани айтчи, сенинг Аллоҳинг Қуръонингда яна нималар дебди” дея истеҳзо қилишлар, “чўчқанинг қўй бўлгиси келибди-да” каби юракни тешадиган маломату ҳақоратлар ёмғири акамнинг бошига тинимсиз ёғилганини эсласам, ҳозир ҳам йиғлагим келади, тушкунликка тушиб қоламан.

Акамнинг “суннат қилинган”и отам ва қариндошларнинг қулоғига етгач, унинг устидан қанчалар хорлашганини айтсам, кўплар ишонмаса ҳам керак. Хуллас, акам барчасига чидади.

Аксинча, иймони баққуватлашиб, кўчада дуч келганни даъват қиладиган, маҳалладаги дарвозаларда осилган исириқни кўрса, юлиб ташлайдиган, уйда отамнинг арағини тўкиб ташлайдиган одат чиқарди.

Бу оиламиздаги чигал вазиятни янада чигаллаштирар, таранг аҳволни баттар таранглаштирарди.

Шу орада қариндошларнинг сабр косасига энг сўнгги томчи бўлган воқеа юз берди. Яъни акам бир-икки йўлдан озганларнинг узум боғига ўғриликка тушмоқчи бўлганини билиб қолиб, боғ эгасини огоҳлантиргани оиламиздагиларни қуюшқондан чиқарди.

“Бу жуда тоза бўлиб кетибди, танобини тортмасак бўлмайди” деб жанжал кўтарганлари ҳали-ҳамон эсимда. Энг қийини онамга бўлди.

Эри тараф бўлай деса ўғлининг, ўғли тараф бўлай деса эрининг дили оғришидан чўчиб, яшаш қанчалик оғир бўлганлигини кўрганман. Аммо онам барибир акам тарафда эди. Қанчалар йиғлаганлари, акам билан баробар эмас, ундан-да ортиқ зулм остида қолганлиги, шундаям отамга бирор эътироз билдира олмаганлари бор гап.

Орада акам қамалди. 1999-2000 йилларда мусулмонлар қандай ноҳақ қамалишган бўлса, шундай қамалди. Акамнинг биринчи аёли ўзбек эди. Ўша аёлнинг кўз ёшлари отамни эритди ва падарим катта мансабда ишлайдиган танишларини ишга солиб, катта пул эвазига акамни қамоқдан олиб чиқдилар.

Ота-ўғил муносабатлари бироз яхшиланди-ю, аммо акам мусулмонликдан барибир кечмагач, оралари яна дарз кетди.

Отам “Сени қамоқдан мен олиб чиқдим. Менга раҳматинг шу қўпол муомалангми?” деса акам: “Мен қамоқда Аллоҳга нола қилдим, оҳларим Хаққа етиб бориб қутилдим” дер, отам даҳрий эмасди, кофир эмасди –Аллоҳга ишонарди, аммо ғазаби келиб, куфр калималари тилидан учиб, “Демак сени Аллоҳ қутқарди, мен-чи ҳеч нима қилмадимми?!” деб юборарди. “Мен бўлмасам сен қаердан пайдо бўлардинг” деган саволига акам хақли равишда “Аллоҳ мени пайдо қилишни истаса, бошқа ота-онадан ҳам бинога келаверардим” дер, албатта бу отамга оғир ботарди... Ўн тўрт йилдан бери ҳидоятда бўлган мўмин сифатида бу ҳодисотларга баҳо берадиган бўлсам, акамнинг даъват услуби қўпол ва хато эди. Чунки...

Кимнинг эсида бор ё йўқ, “Кўнгил кўчалари” деган газета бўларди (балки ҳозир ҳам бордир). Ўша газета Ўзбекистондаги энг исломий нашр эди, саҳифаларида Қуръондан оятлар, ҳадислар, авлиёлар ҳаёти, турфа диний китобдан иқтибослар бериларди.

Отамга бадиий китоблар, газеталар ўқиб берардим. Отам мени айрича яхши кўрганига “Сен фақат ўқи, қора ишларга аралашма, сенга нима керак бўлса, ўзим етказиб бераман, илм ол!” дердилар. Хуллас, “Кўнгил кўчалари”да мусулмон одам отасига меҳрибон бўлиши ҳақида бир ҳадис чиқиб қолди. Уни отамга ўқиб берганимда “Ҳа бу мусулмонлик ёмон эмас экан-ку? Бу ерда ўғил отага ширин гапириши кераклиги ёзилибди, мен мусулмонлар ота-онасига қарши бориб бўлсаям йўлида кетавериши керак деб биларканман, бу менга яхши гапирмаяптику?” дерди. Ўша воқеа сабаб бўлиб билганманки, демак даъватда энг бирламчи омил илм, юксак ақл эмас, балки МУОМАЛА экан...

Йиллар ўтди... Орада мен билан ораси бир йил фарқ билан туғилган укам ўн икки ёшида вафот этди. Ўз ажали билан ўлган укамнинг ўлимида мусулмон акамни айблашгач, акам “портлади”. Ичидаги борини айтди. Аммо қора кунлари тугамади.

Шунча йиллар бошига келган синовларга дош берган акам нима сабаб бўлиб билмадим, “отам истаган ўғил”га айланди.

Намозни ташлади, зинога шўнғиди, балога шўнғиди, нима қилса-қилди. Аммо йиллар ўтгач барибир отам вафот этгунга қадар оралари ислоҳ бўлмади. Отам акамдан норизо бўлиб кетди, акам отамдан норизо бўлиб қолаверди. Холис айтсам, мен акам тарафман... Отамни норизо қиладиган бола эмасди у... Уйда энг кўп меҳнат қилган ҳам рўзғор юкини тортишиб юборадиган хам акам эди. Гуноҳи иймонга келгани эди, холос.

Акам мени ҳам динга даъват қилган. Нотиқ бўлгани учун ҳар қандай одам унинг таъсирига тез тушарди, хусуса,н мен ҳам. Масалан, бирор иш буюрса, шундай чиройли гапирардики, отам тақиқлаганидан айтгани қилгим келмаса-да, ичимда “Эй Худо акам менга бошқа иш буюрмасин-да, бўлмаса айтганини қилвораман” деб турардим.

Илк намозимни ҳеч қанақа сура тиловат қилмай, фақат шаклан, аммо ўшанда ҳам қалбан акам билан ўқиганмиз. Акам бир куни менга роса Исломдан гапирди-да, жойнамозни ёзиб: “Ана энди сен билан икки ракат намоз ўқиймиз, ёнимга тур” деб деди. Бирга намоз ўқидик. Охирги саждада отам кўриб қолди. Баъзи вақтларда отам ҳам ийиб, эриб қоларди. Қўлида тамаки қистирганча “Ҳа ўғил, сен ҳам “айнидингми” деса, мен шоша-пиша худди айб қилгандек, ҳам уялиб-ҳам қўрқиб: “Йўғ-ей, акам мажбурлади-да” деб лоп этиб акамга туҳмат қилиб юборганман. Ўшанда акам нигоҳида меҳр аралаш ачиниш ила: “Ука, ўзинг ўқийлик” дединг-ку?!” деганлари хотирамда муҳрланиб қолган.

Акамни тушунаман, шўрлик ўзи етишган неъматдан бизнинг ҳам баҳра олишимизни истагандир-да...

Бир томондан бундай нодир ҳолатлардан бошқа вақтдаги акамнинг даъватидаги қўполлик, отамдан қўрқиш, қалбдаги иккиланиш, эндигина 12-13 ёшга тўлганим, пишмаган, хомлигим ва энг асосийси қайтиб келмасин дейиладиганнинг давридаги ТВ ва газеталарда Исломга қарши тарғиботлар таъсирига тушиб, мен ўша вақтларда иймонга кела олмадим.

Ўн бешга тўлганимда Исломга қизиқишим ортиб қолди. Чунки ҳозиргига нисбатан кўп ўқирдим. Ойига 24 дона китоб ўқиган даврларим ҳам бўлган... Инсон ўқигани уққани сайин Яратганни излайвераркан. Аллоҳнинг борлигини-ку эсим кирганидан бери билардим, аммо Аллоҳдек Зотнинг марҳамати, қаҳри, нима қилсам рози бўлишию нима қилсам, норизо бўлишини билмасдим. Ёшим ўн олтига етганида носаро дини норасолиги аниқ-тиниқ тушуниб етдим. Бахтимга чўқинтирилмаганман, уйимиздагилар черковга бормаган, хоч тақмаганман. Аммо Аллоҳни учта деб эътиқод қилишлар, қариндошлардан кимдир ўлса юзи очиқ ҳолатда костюм-шимда ё бирор гўзал либосда кўмилишини хазм қилолмаганман. Булар мен учун лойқа эътиқод эди. Қалбим тоза шаффоф эътиқод изларди.

Орада Абдуллоҳ Севинчнинг “Қабрдан мактуб” китоби Ўзбекистонда жуда машҳур бўлиб кетди. Шу китобни ўқидиму ҳамма шубҳаларим тумандек тарқаб кетди. Қатъий равишда “Мусулмон бўламан!” дедим. Китобдаги ҳикоя Қуръон ва хадисларга асосланиб, ширали тилда ёзилгани менга қаттиқ таъсир қилганди.

2006-йил, август ойининг охирроғи эди. Отам вафот этганига бир ой ҳам бўлмаган, мусибатимиз янги. Келгуси ойнинг, яъни сентябрнинг 24-кунидан Рамазон бошланар эди. Рўза тутаман, деб аҳд қилдим. Мусулмонлар ўзаро гаплашганларида рўза қуруқ тутилганидан кўра намоз ўқилгани ҳам яхшилиги ҳақида узуқ-юлуқ эшитганим учун шошиб қолдим. У пайтларда ҳали азонлар баланд айтиларди... Ҳозир ҳам шу. Мен орадаги бир муддатни эсладим. Тушунган тушуниб олаверади. Мен намоз ўрганмоқчи бўлган йил одамлар намозхонларга, хижоблиларга эгри қарарди. Бутун бошли ўн беш мингдан ошиқ киши истиқомат қиладиган қишлоқда намозхонлар юз нафарга етса, катта гап эди. Устоз топишим керак, мен бирор марта ҳали масжидга бормаган бола, таниш-билишсиз, ёш йигитча ўйлаб-ўйлаб намозхон қўшни аёлдан намоз ўргатишини илтимос қилиб чиққанман. У жон деб рози бўлган. Вазни оғир, ҳарсиллаб нафас оладиган ёши ўтган аёл эди...

Мана ёзяпману кўзим тўла ёш...

У вақтда бир гапига майин жилмайиб қўйганман, аммо ўн тўрт йилки қачон эсимга тушса, бир гапига ҳануз ўкириб йиғлаб юбораман (ҳеч ким йўқ жойда). Ўзи менинг одатим шу. Жуда қаттиқ ҳақорат эшитсам ҳам, муштлар остида қолсам хҳам бировнинг олдида йиғламайман... Номус қиламан.

Чидолмаслигимнинг эҳтимоли юқорилашса, гапни тугатиб хайрлашиб, бир ўзим Аллоҳга йиғлайман. Хуллас, ўша менга намоз ўргатган Умида исмли қўшни аёл “Болам, мен руку сажда қилолмайман, қанд касалим бор, вазним оғир бирданига юрагим тўхтаб қолиши мумкин экан, аммо сен эслаб қолгин ўргангин деб руку сажда қилиб кўрсатаман эслаб қолгин” дегандилар... Аллоҳ у аёлдан рози бўлсин. Разил кимсалар халқни шу даражада қийнадиларки, бутун бир қишлоқда эркак намозхон топишга қийналиб кейинчалик топган бўлсамда аёл кишидан таҳоратни, намозни ўргандим, шу аёл орқали Аллоҳни танидим. Аллоҳ у аёлдан рози бўлсин! Дорилбақога кетганларига анча бўлди. Соғинаман. Ҳар ҳайитда совға улашгим келади, гаплашгим келади, аммо начора...

Ниҳоят Рамазонгача намозни ўргандим. Онамга “Бир ой рўза тутаман, намоз ҳам ўқийман, рўза тугаши билан намозни ташлайман” деб Рамазонни кута бошладим! Бу менинг ҳийлам эди. Бир ойда кўзлари ўрганса кейин индамайдилар деб режа қилдим.

Илк бор бундан ўн тўрт йил олдин, 2006 йилнинг 24 сентябрида ёлғиз ўзим отам эккан беҳилар остида саҳарлик қилдим. Бир ой тўлиқ рўза тутдим. Намоз ўқидим. Шаввол ўтди... Зулқаъда ўтди... Зулҳижжа келгач, онам: Рамазон тугагач, намозимни ташлайман дегандинг-ку?” деб сўроққа тутиб қолдилар. “Она, ёмон иш қилмаяпман-ку?!” десам: “Биз арманмиз, ота-боболаримиз қилган ишни қил!” деган жавоб бўлди. “Намозни ташламайман, гуноҳидан қўрқаман” дедим. Онам ҳар гал опамнинг уйига бориб қайтгач, мени эзадиган одат чиқарди.

Опам онгини заҳарлагани учун, албатта. Ўн саккиз ёш вақтим ҳирсиму нафсим кучайиб кетиб, қўшимчасига онам ва қондошларнинг босими сабаб ўша йилнинг қайсидир куни пешин вақтида “Шу намозни ўқийману бошқа ўқимайман!” деб аҳд қилдим... Барибир онам мендан норози, баҳонада қизлар билан кўнгилхушлик ҳам қилавераман, бўлмаса, Ислом дини бунга йўл қўймайди”, деган фикрга келиб, намоз вақтини кута бошладим. Уйимизда газ йўқ эди. Ўтин ёқардик, гоҳида электрплита чой қайнатардик. Электрплита ҳам мен намоз ўқийдиган хонада эди. Пешин бошлашимдан олдин чой қўйилса, сув билқиллаб қайнайверар, ёнимдан кесиб ўтиш гуноҳлигини тушинтирганим учун човгум яримлаб қолсаям онам индамасдан кутарди.

Кейинчалик мен Исломга киргач, ижобий томонга ўзгарганимга охири тан бериб ўзи қўллай бошлади. Мен намоз ўқиб бўлганимдан сўнг қўядиган бўлди чойни.

Ўшанда хонамнинг эшигини очиб: “Жаан(арманларда шундай эркалаш бор, каттаю кичикка ўғил қизу севгилига ишлатилаверилади, ўзбекча жон сўзи билан маъноси бир хил), намозингни ўқигину кейин мана буни плиткага қўй”, дедилар. “Ия, булар таслим бўлибди-ку, мен эса намозни ташлайман деб ўтирибман, йўқ, энди ўлгунимча ташламайман!” деб аҳд қилдим.

(давоми бор)

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Мен қандай Исломни қабул қилдим?” ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова