Қоғоз китоб ва планшет таққосланди: натижа олимларни ҳам ажаблантирди

Қоғоз китоб ва планшет таққосланди: натижа олимларни ҳам ажаблантирди

Қоғоз китоб ўқиш ҳикоя деталларини яхшироқ боғлаш ва эслаб қолишга ёрдам беради. Япониялик олимлар ўтказган тадқиқот натижалари PLOS One журналида эълон қилинди.

Токио университети олимлари ўқиш формати мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўрганди. Тажрибада 25 нафар талаба иштирок этди. Улар япон комиксининг бир қисмини қоғоз китоб ёки планшет орқали ўқиб чиққан. Кейин эса ҳикоянинг иккинчи қисми билан танишиб, сюжет бўйича саволларга жавоб берган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳар икки гуруҳда ҳам жавобларнинг аниқлиги деярли бир хил бўлган. Бироқ планшетда ўқиган иштирокчилар ҳикоянинг турли қисмларидаги маълумотларни боғлашни талаб қилувчи саволларга жавоб бериш учун кўпроқ вақт сарфлаган.

МРТ таҳлиллари қоғоз китоб ўқиганларда тилни қайта ишлаш ва воқеалар кетма-кетлигини шакллантиришга масъул бўлган мия соҳалари камроқ фаоллашганини кўрсатган. Бу эса маълумотларни тушуниш учун камроқ куч талаб қилинганини англатади.

Олимлар буни қоғоз китобнинг жисмоний хусусиятлари билан изоҳламоқда. Саҳифаларнинг жойлашуви ва ўқиш жараёнини ҳис қилиш имконияти мияда воқеаларнинг “фазовий харитаси”ни шакллантириб, маълумотларни яхшироқ эслаб қолишга ёрдам беради.

Тадқиқот муаллифларига кўра, рақамли ўқиш матнни тушунишни ёмонлаштирмайди. Аммо худди шу натижага эришиш учун планшет фойдаланувчилари кўпроқ вақт ва когнитив ресурс сарфлайди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар