Мутахассислар огоҳлантирди: очиқ ойналар автомобил ёнилғиcини кўпроқ сарфлайди

Кўпчилик ҳайдовчилар ёнилғини тежаш мақсадида кондиционерни ўчириб, ойналарни очиб ҳаракатланишни афзал кўради. Бироқ мутахассислар бу усул аксинча, кўпроқ харажат ва саломатлик учун хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Ойналар очиқ бўлганда автомобилнинг аэродинамикаси бузилади. Ҳаво оқимлари турбулентлик ҳосил қилиб, транспорт воситасининг ҳаракатланишига қаршилик кўрсатади. Натижада автомобил бир хил тезликни сақлаб туриш учун кўпроқ энергия сарфлайди ва ёнилғи истеъмоли ортади.
Тадқиқотларга кўра, 120 км/соат тезликда очиқ ойналар билан ҳаракатланиш ёнилғи сарфини тахминан 0,5 литрга оширади. Айрим ҳолатларда бу кондиционер ишлатиш харажатидан ҳам юқори бўлиши мумкин. 90 км/соатдан паст тезликда эса қўшимча сарф камроқ кузатилади.

Мутахассислар кондиционерни узоқ вақт ишлатмаслик ҳам техник муаммоларга сабаб бўлишини таъкидламоқда. Чунки тизим таркибидаги компрессор, конденсатор ва бошқа қисмлар доимий айланиб турувчи фреон ҳамда мой ҳисобига ишлайди. Узоқ муддат ишлатилмаган ҳолатда мой қурийди, тизим герметиклигини йўқотиши ва занг пайдо бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, ишлатилмай қолган кондиционерда ёқимсиз ҳидлар пайдо бўлади. Буғлаткич қисмида бактериялар, замбуруғлар ва зарарли микроорганизмлар кўпайиб, нафас йўллари касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун уни вақти-вақти билан тозалаш ва дезинфекция қилиш тавсия этилади.

Очиқ ойналарнинг яна бир хавфи — ҳаводаги чанг ва чиқинди газлардир. Йўл чанги таркибида инсон саломатлиги учун зарарли бўлган кансероген моддалар учрайди. Автомобил чиқинди газлари эса бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва нафас йўллари билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Мутахассислар автомобил салонини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш учун ойналарни ёпиқ ҳолда сақлаш, кондиционердан фойдаланиш ва сифатли углерод фильтри ўрнатишни тавсия этади. Бу нафақат чангни, балки зарарли газларни ҳам ушлаб қолишга ёрдам беради.





























Изоҳлар 0
…