Шакарли газланган ичимликлар жигар саратони хавфини ошириши мумкин

Янги илмий тадқиқот натижаларига кўра, шакар қўшилган газланган ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш жигар саратонининг айрим турлари ривожланиш еҳтимолини ошириши мумкин. Ушбу хулосага келиш учун тадқиқотчилар 11 та йирик ва узоқ муддатли илмий ишни таҳлил қилишган бўлиб, уларда жами 1,5 миллиондан ортиқ иштирокчининг маълумотлари ўрганилган ва иштирокчиларнинг соғлиғи ўртача 18 йил давомида кузатиб борилган.
Шакар қўшилган газланган ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш жигар саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Янги тадқиқот натижаларига кўра, бундай ичимликларни тез-тез ичиш жигар саратонининг айрим турлари ривожланиш эҳтимолини ошириши мумкин.
Тадқиқотчилар ушбу хулосага 11 та йирик ва узоқ муддатли илмий иш натижаларини таҳлил қилиш орқали келишган. Уларда жами 1,5 миллиондан ортиқ иштирокчининг маълумотлари ўрганилган. Тадқиқот натижалари JAMA Network Open журналида эълон қилинди.
Илмий иш давомида иштирокчиларнинг овқатланиш одатлари махсус сўровномалар орқали баҳоланган. Шундан сўнг уларнинг соғлиғи ўртача 18 йил давомида кузатиб борилган. Мутахассислар асосий эътиборни шакарли ва сунъий ширинлаштирилган ичимликларни истеъмол қилиш билан жигар саратони ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликка қаратган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, шакарли ичимликларни кўп истеъмол қиладиган одамларда жигар саратонининг энг кўп учрайдиган икки тури — гепатотселлюляр карсинома ва жигар ичидаги холангиокарсинома хавфи юқорироқ бўлиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, суюқ шакар организмга тез сўрилади ва узоқ муддатли истеъмол жигарга ортиқча юк тушириши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса вақт ўтиши билан модда алмашинуви бузилиши, жигарда ёғ тўпланиши ва яллиғланиш жараёнларига олиб келиши мумкин. Айнан шу омиллар жиддий касалликлар хавфини кучайтириши мумкин.
Муаллифлар шакарли ичимликлар ўз-ўзидан жигар саратонига бевосита сабаб бўлади, деган қатъий хулоса чиқаришга шошилмаслик кераклигини ҳам қайд этмоқда. Бироқ уларнинг фикрича, бундай ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш жигар саломатлиги учун хавфли одатлардан бири бўлиши мумкин.
Мутахассислар аҳолига шакарли газланган ичимликлар миқдорини камайтириш, уларнинг ўрнига оддий сув, шакарсиз чой ёки табиий ичимликларни танлашни тавсия қилмоқда. Жигар саломатлигида майда одатлар ҳам катта роль ўйнайди — бу ерда “битта банкадан нима бўларди?” деган савол келажакда қимматга тушиши мумкин.































Изоҳлар 0
…