
Ўзбекистон қадимдан ўзининг ширин ва лаззатли мевалари билан машҳур бўлиб келади. Республикамизда анъанавий тарзда етиштирилган узум, ўрик, олхўри, қуритилган мевалар ва гилос каби маҳсулотлар хориж бозорларида ҳам юқори баҳоланмоқда. Бироқ сўнгги пайтларда юртимизнинг мева савдосида ўзига хос янги жараён кузатилмоқда. Ўзбекистон нафақат мева экспортчилари қаторида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб, балки импортчи сифатида ҳам энг тез ривожланаётган давлатлардан бирига айланиб бормоқда. Бу воқеликни EastFruit портали ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.
Ўзбекистонда мева экспорти охирги уч йилда сезиларли даражада ўсиб борди. Жумладан, 2021 йилдаги экспорт ҳажми 341 млн доллардан 2024 йилга келиб 658 млн долларгача ошган, бу эса экспорт кўрсаткичларининг 93 фоизга ўсганидан далолатдир. Бундай ўсишда асосан анъанавий бўлган узум, ўрик, қуритилган мевалар, гилос каби маҳсулотларнинг экспорти катта ҳисса қўшган. Масалан, гилос экспортининг ўзи ҳам сўнгги уч йилда 150 фоизга ўсиб, 20 млн доллардан 50 млн долларга етган. Бу, шубҳасиз, жуда ижобий натижа.
Бироқ, Ўзбекистон мева бозоридаги кутилмаган ўзгариш айнан импорт кўрсаткичларида юз берди. Сўнгги уч йил давомида импорт кўрсаткичлари 60 млн доллардан 250 млн долларгача кўтарилди. Бу эса, мева импорти ҳажмидаги рекорд даражадаги ўсиш – 317 фоизни ташкил этади. Ушбу рақамлар дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, Ўзбекистон бозорида импорт мева маҳсулотларига талаб кескин ошиб бораётганидан далолат бермоқда.
Айниқса, бу даврда импортдаги энг тез ўсиш олма савдосида кузатилди. Олма импорти уч йил ичида 17 баробар кўтарилиб, 2024 йилда 85 млн долларлик ҳажмга етган. Шу билан бирга, банан импорти ҳам катта суръатлар билан ўсиб, илк марта 100 млн доллардан ошган. Мандарин эса банандан ҳам тезроқ ривожланиб, 95 млн долларлик даражага етиб, бу соҳада етакчи ўринлардан бирини эгаллади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда цитрус меваларининг импорти жуда юқори даражада ўсмоқда. Апелсин импорти ҳам беш баробар ўсиб, 25 млн долларлик кўрсаткичга етди. Шу билан бирга, экзотик ҳисобланган нок, хурмо ва киви каби мевалар ҳам сезиларли даражада оммалашиб бормоқда.
EastFruit таҳлилчиларига кўра, импорт кўрсаткичларининг кескин ўсишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда. Биринчи навбатда, аҳолининг турмуш даражаси ва даромадларининг ўсиши сабабли экзотик меваларга талабнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан импорт мевалар учун бажхона божларининг ноллаштирилиши, импорт маҳсулотларининг бозорга эркин кириб келишини янада осонлаштирди. Ҳукумат бу божларнинг бекор қилиниши вақтинчалик деб кўрсатилган бўлса-да, бир неча йилдирки ушбу имтиёз муддатлари узайтириб келинмоқда.
Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг одатлари ҳам ўзгариб бормоқда. Авваллари мева маҳсулотлари асосан мавсумий бўлган бўлса, эндиликда ўзбекистонликлар йил давомида янги меваларни истеъмол қилишни афзал кўришмоқда. Бу эса анъанавий равишда қиш пайтида кенг тарқалган қуритилган меваларга бўлган талабнинг бироз пасайишига ва ўз навбатида уларнинг экспорт ҳажми ўсишига сабаб бўлмоқда.
Бу ўзгаришлар, шубҳасиз, нафақат рақамларда, балки мамлакатимизнинг савдо сиёсатида ҳам янги йўналишларни очиб бермоқда. Айни пайтда, ушбу бозорда асосий импортчилар қаторида Миср, Марокаш, Покистон, Украина ва Польша каби мамлакатлар аллақачон ўз ўрнини мустаҳкамлаган ва келажакдаги савдо алоқаларини янада кенгайтиришга умид қилмоқда.
Мазкур давлатлар учун Ўзбекистон мева бозори улкан имкониятдир. Бироқ бу ердаги асосий қийинчилик – импорт ва логистикани бошқариш ҳамда кучли рақобат муҳитида ўрнини сақлаб қолишдир. Ўзбекистон бозори янада кенгайиб бораётгани, демак савдо алоқаларининг кўлами ҳам кенгайишда давом этиши мумкинлигини кўрсатади.
Бу жараённинг яна бир ижобий томони – маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар учун ҳам рақобат муҳити шаклланиб, бу эса маҳсулот сифатининг янада ошишига туртки бўлади. Истеъмолчилар учун ҳам бу ҳолат фойдали бўлиб, бозорда турли-туман маҳсулотларнинг кўпайиши уларнинг танлов имкониятини янада кенгайтириб юборади.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг мева бозори экспорт ва импорт соҳасида ҳам катта ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу эса, мамлакат иқтисодиётининг диверсификацияси ва глобал савдо тизимига янада чуқурроқ интеграциялашувига олиб келади. Энг муҳими, бу ўзгаришлар аҳоли ҳаётини яхшилаш ва мамлакатнинг янада бойиб боришига хизмат қилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар