Ўзаро гурунгларимизда миллий валютамиз – сўм мавзуси тез-тез тилга олинади. Ҳамма ўз билганича фикр айтади, тусмол қилади. Ҳақиқатдан ҳам сўмимизни қандай истиқбол кутмоқда?
Журналист Асқар Ҳайдаров ўз мақоласида шу мавзуга экскурсия қилади.
Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти директори Фазлиддин Бозоров қайд этдики, мамлакатимизда 1000 сўм қийматдаги банкнот 2001 йилда, 5000 сўмлик купюра орадан 12 йил ўтиб, яъни 2013 йилда муомалага киритилган. 10 000 ва 50 000 сўмлик банкнотлар эса 2017 йилга келиб муомалага чиқарилди.
Ушбу даврда иш ҳақи миқдори ва нархлар бир неча баробар, шунга мос равишда, нақд пулга бўлган талаб ҳам ошиб борди. Натижада муомалада банкнотлар сони кўпайиб кетди, фуқароларнинг қиммат нархли товарларни сотиб олишида ноўнғайликлар пайдо бўлди. Миллий валютамиз жамғариш функциясини секин-аста йўқота борди; банк ходимларнинг нақд пулларни санаш, ўраб боғлаш билан боғлиқ ишларига керагидан кўп вақт сарфланди, банкнотларни босиб чиқариш ва уларни жойларга етказиш, бўёқ, қоғоз билан боғлиқ харажатлар ошиб кетди.
Мана шунга ўхшаш салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун муомалага 2017 йилда 10 ва 50 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилди. Шу йилнинг 25 февралидан эса бир юз минг сўмлик янги купюра муомалага киритилди.
Мутахассиснинг қатъий фикрича, йирик номиналдаги банкнотларнинг муомалага чиқарилиши инфляцияга мутлақо таъсир кўрсатмайди. Муомалада нақд пул ҳажмининг камайиши ёки кўпайиши умумий пул массаси таркибида нақд пуллар салмоғи кўпайиши ёки камайишини англатади.
2017 йил бошида муомаладаги нақд пулларнинг умумий сонида 500 сўм қийматгача бўлган банкнотлар улуши 17,2 фоизни, 1000 сўмлик банкнотлар - 68,8 фоизни, 5000 сўмлик банкнотлар - 14 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб муомаладаги банкнотлар сонида 500 сўмгача бўлган купюралар 9,9 фоиз, 1000 сўмлик – 55,7 фоиз, 5000 сўмлик – 22,6 фоиз, 10 000 сўмлик – 9 фоиз ва 50 000 сўмлик – 2,8 фоиз улушга эга бўлди.
2018 йил бошига келиб муомаладаги нақд пуллар ҳажми 2017 йилга нисбатан 1,8 баробар ошиб 23,3 трлн.сўмни ташкил этган бўлса-да, муомаладаги банкнотлар сони 3,3 млрд. донага қисқариши таъминланди.
Бу камайиш 10 000 ва 50 000 сўмлик банкнотлар улушининг мос равишда 22,3 фоиз ва 34,9 фоизга етказилиши ҳисобига тўлдирилди.
2018 йил июль ойидан бошлаб, нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда аҳоли учун қулайликлар яратиш, муомаладаги нақд пулларни сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Марказий банк томонидан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик танга пуллар муомалага чиқарилди.
Бинобарин, янги номиналдаги пулларнинг чиқарилиши ёки нолларни олиб ташлаш (деноминация) техник масала бўлиб, иқтисодий-молиявий жараёнларга таъсир кўрсатмайди. Мутахассислар эътироф этишича, ҳозирги пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида нақд пуллардан воз кечиш тенденцияси кучайиб бормоқда. Бу тенденция бизнинг иқтисодиётимизда ҳам акс этмоқда.
Сўмнинг келгуси тақдири
Банклар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларининг кириб келиши нақд пул муомаласини такомиллаштириш жараёнларини тезлаштириб юборди, одамларнинг фикрлаш тарзида кескин ўзгариш ясади. Бу ўзгаришларни ватандошларимиз онгли равишда қабул қилиб, ўзаро олди-сотди муомалаларини нақд пулдан кўра, пластик карточкалар орқали амалга оширишни афзал кўришмоқда.
Тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти директори ўринбосари Улуғбек Маҳмудов ахборот технологиялари истиқболи хусусида сўзлар экан, “бугунги кунда мамлакатимиздаги муомалага чиқарилган пластик карталар сони салкам 17,8 минг донани ташкил этиши фикримизнинг яққол исботидир, - деди.
- Шу йил бошига келиб уларга 244 мингдан ошиқ терминал, 6859 та банкомат ва инфокиоск хизмат кўрсатмоқда. Жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали миллий валютада амалга оширган транзакциялари суммаси 2018 йилда 63,7 трлн сўмдан кўпроқни ташкил этди ёки бир йил ичида 20 фоиз ўсиши таъминланди.
Унинг сўзларига кўра, шу билан бирга, тижорат банклари Visa, Master Card, China Union Pay халқаро тўлов тизимлари билан шартномалар асосида миллий ва чет эл валютасида ги банк карталарини эмиссия қилмоқда. Ҳозирги кунда халқаро карталар сони 681 минг донага яқин бўлиб, уларга 2 минг ортиқ терминал ва 193 та банкомат хизмат кўрсатмоқда.
Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари (Банк-Мижоз, интернет-банкинг, мобиль ва SMS-банкинглар) орқали хизмат кўрсатиш кўламининг кенгайиб бориши бу йўналишда қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришни тоқозо этмоқда.
Чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтириш, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаяпти ҳамда бозорда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлиб қолишини бартараф этолмаяпти.
Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ишлаб чиқилган “Тўлов тизимлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси бу йўналишдаги ишлар сифатини анча яхшилайди.
Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази қошида ташкил этилган “Ҳумо” Миллий банклараро процессинг маркази директори Шуҳрат Қурбонов айтишича, янги қонун тўлов тизимлари операторларининг фаолиятини тартибга солади, уларнинг ривожланиши, ишончли ва хавфсиз ишлашининг мустаҳкам платформасини яратади.
Янги тузилаётган Миллий банклараро процессинг маркази тўловларни амалга ошириш узлуксизлигини таъминлаш, инновацион маҳсулотларни жорий қилиш, банк хизматларининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини ривожлантиришга шароит яратади. Марказ директори ишонтиришича, мазкур тўлов тизими ишга туширилиши билан яна бир қатор қулайликлар яратилади, одамлар иккита тўлов тизимидан фойдаланиш, яъни танлаш имкониятига эга бўлади. Танлов, табиийки, бозорнинг марказлашуви ва монополлашувига барҳам беради.
“Ҳумо” бозорда тўлов тизими эмас, оператор сифатида фаолият юритади. МБПМ банклар, тўлов тизимлари, электрон тўловлар учун унга зарур бўлган инфратузилмани яратади.
“Мазкур тизим халқаро тўлов тизимлари билан интеграциялашган ҳолда фаолият юритади, - деди Ш.Қурбонов. - Нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда инновацион маҳсулотлар, жумладан контактли ва контактсиз, мобиль технологиялар кенг қўлланилади. Виртуал пластик карталар муомалага чиқарилади. Банклар бу бозорда эркин ҳаракат қилади, ҳалол рақобат муҳити шакллантирилади”.
Унинг ишонтиришича, банклар тўлов инфратузилмасини кенгайтириш ва махсус тўлов терминаллар, банкоматлар ва инфокиосклар харид қилишда битта етказиб берувчининг маҳсулоти билан чекланиб қолмайди, халқаро стандартларга жавоб берувчи барча нуфузли компанияларнинг техник таъминотини тизимда қўллаш имкони яратилади.
Ҳозирги кунда тўлов тизимидаги 200 мингдан ортиқ терминалу 17 млн карталар Ягона умумреспублика процессинг марказига уланган. Бордию марказда бирор ишкал пайдо бўлса, банк ҳам, мижоз ҳам операцияларни амалга оширолмайди, пластик карталар орқали операциялар фалажланиб қолади.
“Ҳумо” қўллайдиган технология банклараро, ички банк ва чакана тўлов тизимларидан иборат бўлиб, бирор тизимда муаммо пайдо бўлгани билан пластикдан фойдаланиш жараёни тўхтаб қолмайди. Тизимнинг бирор жойида муаммо пайдо бўлгани билан бутун тизим ишдан чиқмайди. Карта ва терминалларни сотиб олиш ва амалиётга жорий этишни банклар ихтиёрига берилишининг сабаби шунда.
“Ҳумо” эмиссия қиладиган тўлов карталари мустаҳкамлиги ва хавфсизлиги таъминлангани, икки режимда (контактли ва контактсиз) ишлаши билан ажралиб туради. Унда тўлов картаси эгасининг исми-фамилияси ва номери эмбосс усулида - бўртиқ ҳолда нақшланади. Таннархи эса ҳозирги карталарникидан икки баравар арзон бўлиб, маълумотлари карта яроқсиз ҳолга келгунга қадар сақланади.
Энг асосийси, у орқали тўловларни амалга ошириш жуда қулай: уч хил – кўчмас, кўчар ва мобиль терминалда ишлайди. Амалдаги карта ва терминалларда тўловлар контакт, яъни терминал билан карта тўғридан тўғри алоқа орқали амалга оширилса, “Хумо” карталарида алоқасиз, яъни терминалга чипни текизиш орқали бир-икки сонияда тўлов амалга оширилади.
Маълум бир суммагача бўлган тўловларни пин-кодни киритмасдан туриб амалга ошириш режалаштирилмоқда. Пин-кодсиз, контактли амалга ошириладиган тўловлар биринчи галда жамоат транспорти ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида синовдан ўтказилади.
Карта эгасининг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш учун пин-кодсиз операцияларни икки-уч марта амалга ошириш, кейинги транзакцияни албатта пин-код киритиш йўли билан амалга ошириш мажбурий этиб қўйилади. Тўланган сумма касса ва терминал экранида бир вақтда кўринади, бундай қулайликлар карталардан фойдаланиш жозибадорлигини оширади.
Савдо шохобчаларидаги кассаларда мижозлар ўзларининг пин-кодини киритиб, тўловни амалга оширишлари учун алоҳида клавиатуралар ўрнатилади. Ҳозиргидек пин кодингизни айтинг, деган сўровларга ўрин қолмайди.
Ва яна бир янгилик - тўловларни мобил телефон орқали амалга ошириш мумкин. Карта шахсий мобил телефонга улаб қўйилса, ҳар бир тўлов бўйича маълумот олиш ва келажакда банк хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Янги карталарнинг яна бир афзал томони уларнинг ҳисоб-китобларни ҳам миллий, ҳам хорижий валютада параллел амалга ошириш имкони яратилаётганида. Карточка эгалари харидларини тўлов карточкасидан мамлакатимиз ҳудудида сўмда, четда эса маблағлар автоматик тарзда конверсия қилиниб, ўша давлат пул бирлигида амалга оширишлари мумкин.
Тўлов тизимлари бозорида янги ўйинчининг пайдо бўлиши тўловларнинг тўхтовсиз ўтишини таъминлаш, инновацион маҳсулотларни илгари суриш, банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш ва ривожлантиришни янги поғонага олиб чиқишга туртки беради. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди