
Мубашшир Аҳмад
Таниқли диний уламо, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов ўта оғир жиноятда айбланаётгани ҳақидаги ИИВ тасдиқлаган маълумот адвокатлар томонидан рад этилди.
19 феврал куни ижтимоий тармоқларда Мубашшир Аҳмад қидирувга берилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу маълумотни тасдиқлаб, у Жиноят кодексининг 244–2-моддаси биринчи қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланаётганини маълум қилганди.
Ғиёсов қидирув қачон эълон қилинганини тергов сири деб атаган, юқорида айтилганидан бошқа айбловлар бор-йўқлигига аниқлик киритмаганди.
Бугун, 21 феврал куни Алишер Турсуновнинг адвокатлари Kun.uz билан боғланиб, ҳимояси остидаги шахс ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётгани ҳақидаги хабар асоссиз эканини маълум қилди.
Маълум қилинишича, А.Турсунов 2023 йил август ойида Жиноят кодексининг 244–3-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган, даражасига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят – “диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш (шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) ҳаракатида айбланувчи тариқасида жалб қилинган.
Адвокатлар ИИВ матбуот котибига асосланиб тарқатилган хабарларда А.Турсуновнинг ЖКнинг 244–2-моддаси билан айблангани ва қидирув эълон қилингани ҳақида маълумот нотўғрилигини билдирди.
“Адвокатлик сўровига жавобан Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан 2024 йилнинг 4 июнь куни берилган хатда Алишер Турсунов аслида 244-3 -модда билан айбланаётгани, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилгани маълум қилинган”, — дейилади баёнотда.
Бу ерда фуқаро аслида айбланаётган 244–3-модда ва хабарларда тарқалган 244–2-модда орасида катта фарқ бор.
«ЖКнинг 244–2-моддаси ҳамда 244–3-моддаси бир биридан моҳиятан, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра фарқ қилади, бу моддаларнинг объекти бошқа-бошқа, яъни ЖКнинг 244³-моддасида назарда тутилган жиноят (ЖКнинг 15-моддасига кўра)ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланса, иккинчиси (ЖКнинг 244²-моддаси) ўта оғир жиноят сифатида баҳоланади ва айнан шу ҳолат ижтимоий тармоқларда одамларнинг ҳақли саволларини келтириб чиқармоқда.
Ҳозирда ихтиёримиздаги расмий ҳужжатларнинг нусҳаларида қайд қилинишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Алишер Турсуновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244–3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишини қўзғатилишига сабаб бўлган «диний мазмундаги материаллар» деб топилган материалларни тарқатганлиги учун 02.11.2022 йилда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан А.Турсунов МЖтКнинг 184–2-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган”.
Шунингдек, А.Турсуновни маъмурий жавобгарликка тортиш учун у томонидан тарқатилган материалларнинг моҳиятан қонунга хилофлиги эмас, балки диний материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш тартибига риоя қилинмаганлиги асос бўлган. Маъмурий ишдан сўнг, ИИВ ходимлари айнан шу материаллар Telegram ижтимоий тармоғидаги «Мубашшир Аҳмад» номли каналида мавжудлиги асос сифатида талқин қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатган.
Маълум бўлишича, 2023 йил ноябр ойида Алишер Турсуновга нисбатан Тошкент шахар Шайхонтохур туман прокурорининг сиртдан "камокка олиш тарзидаги" эхтиёт чораси кўллаш ҳақидаги илтимосномаси ҳам ЖИБ Шайхонтохур туман суди томонидан рад қилинган.
«А.Турсунов ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаганлиги учун унга нисбатан 24.08.2023 йилда ЖКнинг 244-3-моддаси билан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган ва ушланган тақдирда (қаерда ушланишидан қатъий назар) «муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Юқоридагилардан кўринадики, фуқаро Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)га нисбатан аслида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни содир этганлик бўйича иш қўзғатилган бўлсада, ижтимоий тармоқларнинг ахборот каналларида унинг ўта оғир жиноятни содир этганликда айбланаётганлиги ҳақида ҳақиқатга зид бўлган маълумотлар тарқатилиб, «информацион спекуляция»га шароит яратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28–моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланган. Конституциянинг нормаларини ҳар қандай сабабларга кўра ижро қилмаслик қонунбузилиш ҳисобланади», — дейилади Алишер Турсуновнинг ҳимоячиси Kun.uz'га тақдим қилган раддияда.
Шунингдек, адвокатлар уламонинг саҳифаларида контентлар, ахборотлар билан танишиш «жиноят» эканлиги ҳақидаги «чақириқ»лар қонуний асосларга таянилмаганини билдирди. Бундан ташқари, ҳимоя фикрига кўра, фуқаро А.Турсуновнинг айнан бир хатти-ҳаракатлари учун икки марта (ҳам маъмурий, ҳам жиноий) жавобгарликка тортилиши асоссиз ҳисобланиб, бу ҳақида ваколатли органларга шикоят аризалари киритилган.
Аввалроқ, ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов диний уламо Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 244–2-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноят – «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш» ҳаракатини содир этишда айбланиб, қидирувга берилганини тасдиқлаган эди.
Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилади. У 2023 йил охирида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган ва ушлаб турилган. Кейинроқ диний уламога қўйилган айбловлар исботини топмаган ва қўйиб юборилганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар