Деновда 22 нафар болага ноқонуний диний сабоқ берилгани аниқланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида рухсатсиз диний таълим бериш билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган ва муқаддам судланган фуқаро махсус диний маълумот ҳамда тегишли лицензияга эга бўлмасдан ўз уйида вояга етмаган болаларга диний сабоқ бериб келган.
Тергов маълумотларига кўра, у жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб 2011–2019 йилларда туғилган 22 нафар болани қабул қилиб, уларга таълим берган. Денов ва Олтинсой туманларидан келган болалар санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган шароитда яшаган ва уларнинг ота-оналаридан ҳар ой 500 минг сўмдан 100 АҚШ долларигача маблағ ундирилган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. 1971 йилда туғилган аёл ўз хонадонида Бағдод ва Ёзёвон туманларидан келган 2011–2017 йилларда туғилган 5 нафар болага ҳеч қандай расмий рухсатномасиз диний таълим бериб келгани маълум бўлди. Текширув жараёнида ўқув машғулотларида фойдаланилган адабиётлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-2-моддаси 2-қисми (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жиноят ишларини қўзғатиб, тергов ҳаракатларини бошлади.
Бундан ташқари, болаларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига мувофиқ чоралар кўрилди. Улар билан фарзандларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича мажбуриятлар юзасидан профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилди.






























Изоҳлар 0
…