Тошкентда Германиядан келган посилкадан 4 кг наркотик топилди

Тошкент шаҳрида Германиядан наркотик моддаларни почта орқали олиб киришга уриниш фош этилди. «Хавфсиз ва соғлом мамлакат» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан операция ўтказилди.
Яккасарой туманидаги почта бўлимида Германиядан юборилган посилкани қабул қилиб олаётган Черногория фуқароси қўлга олинди. 2001 йилда туғилган ушбу шахс туманда вақтинча истиқомат қилиб келган.
Посилка текширилганда спорт анжомлари ичига яширилган наркотик моддалар аниқланди. У ердан ашёвий далил сифатида 3 килограмм «Клефедрон» ва 1 килограмм «Гашиш» олиб қўйилди.
Шунингдек, хориж фуқаросининг хонадони кўздан кечирилганда «Альфа-ПVP» моддаси солинган 11 та тайёр «закладка» аниқланган. Уларнинг умумий оғирлиги 30 граммни ташкил этган.
Уйдан наркотик моддаларни қадоқлаш учун мўлжалланган зип-пакетлар, электрон тарозилар ва бошқа ашёлар ҳам топилган.
Қўлга олинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.































Изоҳлар 0
…